“UzFood 2026” маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар учун ҳамкорликка кенг йўл очмоқда
Бугун “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood 2026” халқаро кўргазмаси очилди.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Польша Республикаси қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазири Стефан Краевский ҳамда “ICA Events” компанияси бош директори Эдвард Строон сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимиз озиқ-овқат саноати жадал ривожланаётгани, бу эса маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтираётганини таъкидлади.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг қайд этишича, 2026 йилги тадбир иштирокчилар сони ва кенг географияси билан ажралиб туради. Эътиборлиси, у мажмуанинг барча майдонларини қамраб олган. Намойишда 26 мамлакатдан 500 дан ортиқ компания иштирок этмоқда. Улар орасида Германия, Беларусь, Россия, Корея, Польша ва Таиланднинг етакчи миллий ва жамоавий экспозициялари, шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Италия ва Малайзиядан кенг кўламдаги компаниялар бор. Анъанага кўра, кўргазмада профессионаллар учун барча маҳсулотлар, яъни ингредиентлар ва ускуналардан тортиб тайёр маҳсулотларгача намойиш этиляпти.
Беларусь Республикасидан келган “Virtex Food” компанияси вакили Софья Умеренкова ушбу кўргазмада илк бор қатнашишини ва ундан катта натижалар кутаётганини айтиб ўтди.
[gallery-28497]
– Айни пайтда Пинск шаҳрида “Virtex Food”га қарашли тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга бўлган тўртта йирик завод фаолият юритмоқда. Корхонада 75 нафар технолог меҳнат қилади ва улар маҳсулотларни нолдан бошлаб ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Маҳсулот яратиш жараёни лаборатория шароитида таъм хусусиятларини ишлаб чиқишдан бошланади. Кейин кўп босқичли тасдиқлаш жараёнларидан ўтгач, ишлаб чиқилган технологиялар амалиётга жорий этилади ва маҳсулотларни саноат миқёсида ишлаб чиқариш имкони яратилади. Ушбу кўргазмада иштирок этишдан мақсад Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи ишончли ва кучли дистрибьюторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат, – деди у.
“ISTIQLOL TEA CO” маҳаллий компаниясининг Тошкент шаҳар бўйича менежери Муҳриддин Аъзамов мазкур корхона 20 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётгани таъкидлади.
– Корхонамиз ўрта бизнес тоифасига киради ва унинг асосий фаолияти чой ҳамда қаҳва маҳсулотларини қайта ишлашдан иборат. Компания замонавий технологиялар ва юқори сифат стандартларини қўллаб, маҳсулотларнинг узлуксизлигини таъминлайди. Асосий мақсадимиз эса истеъмолчиларга сифатли ва табиий маҳсулот тақдим этиш ҳамда ҳамкорлар билан барқарор ва самарали шерикликни ривожлантиришдир. Мазкур кўргазма биз учун бозорлардаги шериклик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, кўргазма 3 апрелга қадар ўз ишини давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА