“UZBEKISTAN AIRWAYS” ишчи гуруҳи Фарғонада сайёр қабул ўтказди. Унда вилоятдаги тадбиркорларнинг вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Ишчи гуруҳ раҳбари, “UZBEKISTAN AIRWAYS” бошқарув раисининг ўринбосари Шуҳратилло Ёдгоров саволларга жавоб берди.
Маълумки, Фарғона вилояти мамлакатнинг хўл мева экспорт қилувчи энг йирик ҳудудидир. Сўнгги йилларда, айниқса, гилос ва узум экспорти миқдори ҳам, давлатлар географияси ҳам кўпайган. Афсуски, Савдо-саноат палатаси мутухассисларининг таъкидлашича, Фарғона водийсидан Европа ёки Осиё мамлакатларига на йўловчи, на карго рейслари йўқ. Ишчи гуруҳ раҳбари Шуҳратилло Ёдгоровнинг айтишича, Россия ва Истанбулга Фарғонадан йўловчи самолётлар учяпти. Қоидага кўра, улар орқали 500 килограммгача юк жўнатиш мумкин. Аммо йўловчилар тўла бўлса, юкни қабул қилиш имкони йўқ.
– Ҳар қанча мева бўлса, Тошкентга олиб боринг, экспортга Тошкент орқали жўнатинг, – деди раис ўринбосари тадбиркорларга.
– Биз экспорт билан шуғулланамиз. Унинг миқдори 2024 йилда 4 млн долларга етди. Янги узилган мевани боғдан Тошкент аэропортига етказгунча унинг сифатида ўзгариш бўлиши табиий. Нега карго самолётларини ҳечқурса Фарғона водийси вилоятларидан бири орқали учириш мумкин эмас? – дейди Қувасойдаги “Манзана” масъулияти чекланган жамият вакили Илҳомжон.
[gallery-23079]
Сайёр қабулда яна бир муҳим масала кўтарилди. Маълумки, Президент ташаббуси билан ички туризм ривожлантириляпти. Бунинг учун, жумладан, соҳа раҳбарларига водий вилоятларидан Урганч, Самарқанд, Бухорога рейслар қўйиш топширилган.
“UZBEKISTAN AIRWAYS” раиси ўринбосари Шуҳратилло Ёдгоровнинг айтишича, топшириқни бажариш учун самолётлар етишмаяпти.
“UZBEKISTAN AIRWAYS” билетларининг таърифи бошқа авиакомпанияларникига нисбатан нега қимматлиги ҳақидаги саволга ишчи гуруҳ раҳбари ажабтовур жавоб берди. Шуҳратилло Ёдгоровнинг айтишича, “UZBEKISTAN AIRWAYS” самолётларида учиш билети нисбатан қимматлигига хизмат савияси юқорилиги, техник созлиги ва авиакеросиннинг 50 фоизи импорт қилинаётгани сабаб экан.
– Россия самолётларига уч йилдан буён эҳтиёт қисмлар Европадан келмаяпти, уларда учиш хавфсиз эмас, шунинг учун унинг билетлари “UZBEKISTAN AIRWAYS” билетларига нисбатан арзон, – деди раис ўринбосари.
Қизиқ, агар Россия авиакомпаниялари самолётлари эҳтиёт қисмлар захирасига эга бўлмаса, учиш хавфсиз бўлмаса, нега бу самолётларнинг учишига рухсат бериляпти? Савол жавобсиз қолди.
Хуллас, “UZBEKISTAN AIRWAYS” ишчи гуруҳи Фарғонага келишда тадбиркор ва журналистлар билан мулоқотга етарлича тайёргарлик кўрмагандек туюлди бизга.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZA8B7t9ilrU" title="“UZBEKISTAN AIRWAYS” vakili: ichki turizmga samolyotlar yetishmayapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари