Кейинги йилларда мамлакатимизда ўқитувчининг нуфузи юксалди, унинг ижтимоий муҳофазаси янада кучайди. Охирги етти-саккиз йил давомида 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни мамлакатимизда ўзгача шукуҳ билан нишонланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча эълон қилинган "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони илғор ўқитувчиларни рағбатлантиришда яна бир қувончли хушхабар бўлди.
[gallery-19514]
Ўқитувчилар пойтахтимиздаги янгиланиш жараёнлари билан танишмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунини юқори савияда нишонлашга оид дастлабки тадбирлар бошланиб кетди.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида меҳнат қилаётган илғор ўқитувчилар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, ёш педагогларнинг катта гуруҳи пойтахтимизда жам бўлди.
Устозлар байрамига бағишланган дастлабки тадбир педагогларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ташрифи, сенаторлар билан самимий ва қизиқарли учрашуви билан бошланди.
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев мамлакатимиз таълим тизимида кечаётган ўзгаришлар ва уларнинг натижалари хусусида батафсил сўзлади.
- 1954 йилдан педагогик фаолиятимни бошлаганман,- деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Қарши шаҳридаги математика фанига ихтисослаштирилган 2-мактаб ўқитувчиси Муҳаббат Шаропова. - Мен ҳали мактаб давридаёқ қаҳрамон бўлишни орзу қилардим. Устозларим меҳнати билан орзуимга эришдим. Биринчи марта ўқитувчилар Сенат аъзолари билан бундай очиқ мулоқотга киришмоқда. Бу йилги байрам чин маънода тантанали ва кўтаринки руҳда ўтмоқда.
1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маърифий лойиҳа қатнашчилари учун "Янги Ўзбекистон" университетида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, олимлар, нодавлат таълим ташкилотлари мутасаддилари иштирокида академик мулоқот ўтказилди.
Шу билан бирга маърифий лойиҳа доирасида пойтахтимиздаги IT-Парк, маданий-маърифий муассасалар, кейинги йилларда барпо этилган иншоотлар фаолияти билан танишиш ҳам кўзда тутилган.
Назокат Усмонова, Носирхон Ҳайдаров (сурат), ЎзА