Устозлар миллий форумида ўқитувчилар меҳнати эътироф этилди
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида V Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган форум доирасида 16-умумтаълим мактабида ташкил этилган машғулотларда таълим тизимининг долзарб масалалари, янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамда педагогларнинг касбий ривожланишига оид устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шуъба машғулотлари давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этиш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалий тавсиялар билан танишдилар.

Шунингдек, турли спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйинида педагоглар ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказишди.

Барча туман ва шаҳарлардан 500 нафарга яқин педагог жам бўлган маданият саройида бўлиб ўтган форумнинг якунига бағишланган тадбирни вилоят ҳокими Нормат Турсунов очиб берди.
Таъкидланганидек, вилоятда 1421 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси эса 85,4 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 382 та, шундан 367 та мактаб, 7 та нодавлат мактаб, 7 та ихтисослаштирилган, 1 та Президент мактаби фаолият олиб бормоқда. Ушбу мактабларда 189 минг нафардан ортиқ ўқувчиларга 21 минг нафардан ортиқ педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.
Жорий йилда умумтаълим мактабларини битирган ўқувчиларнинг 518 нафари ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчиларидан 61 нафари максимал баллни қўлга киритиб, муддатидан олдин грант асосида олий ўқув юртларига қабул қилинди. Турли олимпиадаларда эса ўқувчилар 41 та совринли ўринларни эгаллашди.

– Бугунги кунда Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими тизимида 2035 нафар чет тили ўқитувчилари фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 1657 нафарида ёки 81 фоизида, шунингдек, 5470 нафар ўқувчида ҳам халқаро ва унга тенглаштирилган миллий сертификатлар мавжуд, – дейди бошқарма бошлиғи Раъно Ҳайитова. – Мактабларимизда чет тилларини ўқитиш сифатини яхшилаш, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш ва ўқувчиларнинг хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида 55 нафар хорижий мутахассис жалб этилди. Вилоятдаги 19 та мактабгача ва 135 та умумтаълим муассасасида инклюзив таълим жорий этилиб, 367 нафар бола қамраб олинди.

Форумда вилоят ҳокими томонидан таълим тизими ва китобхонлик маданиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббус илгари сурилди. Вилоят раҳбари мактаб кутубхоналари фондини бойитиш, ўқувчилар ўртасида мутолаа маданиятини янада оммалаштириш ҳамда замон талабларига мос кутубхона муҳитини яратиш мақсадида мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига 500 миллион сўмлик сертификат топширди. Ушбу маблағ мактаб кутубхоналарини янги ва сара бадиий ҳамда илмий-оммабоп адабиётлар билан бойитишга ва ўқувчиларнинг сифатли билим олишлари учун муносиб шароит яратишга йўналтирилади.


Тадбирда бир гуруҳ педагоглар тизимдаги фаоллиги, ташкилотчилиги ҳамда соҳани ривожлантиришдаги хизматлари учун вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири