Устоз журналистлар – соҳа тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Самимий руҳда ташкил этилган тадбирда журналистика соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ўзининг бой тажрибаси, ижодий изланишлари ва касбга садоқати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрий журналистлар, соҳа вакиллари ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.
Тадбир аввалида устоз ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, уларнинг ёш авлод тарбияси ва касбий камолотидаги беқиёс ҳиссаси ҳақида фикрлар билдирилди. Зеро, ҳар қандай касбнинг шаклланиши ва ривожида устозларнинг ўрни беқиёс. Журналистика соҳасида эса бу ҳақиқат янада яққол намоён бўлади. Чунки журналист нафақат ёзиш ва ахборот етказиш маҳоратини, балки касб масъулияти, холислик, фидойилик ва одамлар билан мулоқот қилиш маданиятини ҳам устозлардан ўрганади.

Тадбирда журналистика соҳасининг бугунги қиёфаси, унинг ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари хусусида атрофлича фикр алмашилди. Айниқса, замонавий ахборот маконида юз бераётган ўзгаришлар, рақамли технологияларнинг оммавий ахборот воситалари фаолиятига таъсири, журналист олдида турган янги вазифалар хусусида мулоҳазалар билдирилди.
Мулоқот давомида сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов журналистика соҳасида устозларнинг ўрни ҳақида тўхталиб, уларнинг кўп йиллик меҳнати ва тажрибаси бугунги авлод журналистлари учун муҳим мактаб эканини таъкидлади.
– Журналистика – доимий изланиш, меҳнат ва масъулиятни талаб қиладиган касб, – деди уюшма раиси Шуҳрат Орипов.– Бу соҳада ўз ўрнини топиш, эл ишончини қозониш учун инсон аввало касбини севиши, ҳақиқатга содиқ бўлиши керак. Ана шу фазилатларни шакллантиришда устозларнинг ўрни алоҳида.
Контент тайёрлаш маркази бўлим бошлиғи Элбек Долимов ҳам замонавий журналистика олдида турган вазифалар ҳақида фикр юритди. Бугун ахборот тезлиги билан бир қаторда унинг сифати, ишончлилиги ва жамоатчилик учун аҳамияти ҳам муҳим экани қайд этилди. Айниқса, янги медиа имкониятларидан самарали фойдаланиш, аудитория талабини ўрганиш ва мазмунли контент яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбирда шoир ва ношир Муҳиддин Омон, фахрий журналистлар Жаббор Раззоқов, Шерзод Ғуломов, Насиба Иброҳимова, Мухтор Худойқулов ҳам ўзларининг ҳаётий ва касбий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Фахрий журналистлар ўз чиқишларида журналистика соҳасидаги илк қадамлари, устозларидан олган сабоқлари, касбий фаолият давомида дуч келган турли синовлар ва улардан чиқарилган хулосалар ҳақида сўзлаб бердилар. Хотиралар билан йўғрилган самимий суҳбат тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Айниқса, устоз журналистларнинг ўз шогирдларига нафақат касбий билим, балки ҳаётий сабоқ бергани, уларни масъулиятли ва фидойи инсон сифатида шакллантиришга ҳаракат қилгани ҳақидаги фикрлар эътиборга молик бўлди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, журналистлар учун яратилаётган имкониятлар ва соҳада кузатилаётган ўзгаришлар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Таъкидланганидек, бугун журналистдан тезкорлик билан бир қаторда чуқур таҳлил, масъулият, холислик ва касбий маҳорат ҳам талаб этилмоқда.
Ахборот оқими тобора тезлашиб, аудиториянинг ахборотга бўлган эҳтиёжи ва уни қабул қилиш усуллари ўзгараётган бир шароитда журналистнинг вазифаси ҳам кенгайиб бормоқда. Энди журналист фақат воқеани ёритувчи эмас, балки унинг моҳиятини тушунтирувчи, таҳлил қилувчи ва жамоатчиликка ишончли маълумот тақдим этувчи мутахассис сифатида намоён бўлмоқда.
Тадбирда журналистика меҳнатсевар ва фидойи инсонлар касби экани алоҳида таъкидланди. Зеро, матбуот саҳифаларида, телеэкран ва радио тўлқинларида, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда кўринаётган ҳар бир сифатли материал ортида катта меҳнат, изланиш ва масъулият мужассам.

Суҳбатлар давомида устозлар яратган ижодий мактаблар бугунги ёш журналистлар учун ибрат намунаси экани қайд этилди. Уларнинг касбий фаолияти, журналистик услуби, воқеаларга муносабати ва одамлар билан ишлаш маҳорати кейинги авлод вакиллари учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтаётир.
- Устоздан ўрганиш – касб сирларини билишнинг энг самарали йўлларидан бири. Журналистикада китобдан ёки дарсликдан ўрганиб бўлмайдиган жиҳатлар бор. Уни амалиётда, устознинг ёнида, воқеалар ичида ўрганасиз, - деган мазмундаги фикрлар тадбир давомида бир неча бор янгради.
Тадбирда ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, тажрибали журналистлар билан ижодий мулоқотларни мунтазам йўлга қўйиш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Бундай учрашувлар авлодлар ўртасидаги ижодий боғлиқликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг журналистикага бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Байрам тадбири давомида устозларга ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида самимий тилаклар билдирилди. Уларнинг журналистика соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси, кўп йиллик фидокорона меҳнати ва шогирдлар тарбиясидаги хизматлари эътироф этилди.
Дарҳақиқат, устознинг меҳнати йиллар ўтгани сайин ўз қадрини янада намоён этади. Бугун мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида самарали фаолият юритаётган кўплаб журналистларнинг касбий шаклланишида ўз вақтида уларга йўл кўрсатган, қаламига ишонч берган, журналистик масъулиятни англатган устозларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Тадбир якунида иштирокчилар устоз журналистлар билан яна бир бор суҳбатлашиб, уларнинг хотира ва тавсияларини тингладилар. Самимий мулоқотлар, касбга оид фикрлар ва ҳаётий тажрибаларга бой учрашув иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

«Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбир нафақат байрамона учрашув, балки журналистика соҳасида авлодлар давомийлиги, устоз-шогирд анъаналари ва касбга садоқат каби қадриятларни яна бир бор намоён этган муҳим мулоқот майдони бўлди.
Зеро, замон ва технологиялар ўзгариши мумкин, аммо устознинг касбга муҳаббат, ҳалоллик, масъулият ва фидойилик борасида берган сабоқлари ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди.
Назокат Усмонова, ЎзА