Урганчда электр тармоқлари модернизация қилинмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида аҳолини сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, электр тармоқларининг ишончлилигини ошириш ҳамда ортиб бораётган юкламаларни барқарор қабул қилиш мақсадида модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали томонидан олиб борилаётган ишлар доирасида 110/6 кВли “Ғарбий” подстанциясидан чиқувчи 6 кВли “Транспорт коллежи” электр узатиш кабель тармоғи янгиланмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, мавжуд эскирган тармоқлар ўрнига умумий узунлиги 3,6 километр бўлган замонавий 0,4–6 кВли кабель линиялари ётқизилмоқда. Шунингдек, Олимпия маҳалласи ҳудудидаги 5 та трансформатор пунктини янгилаш ва техник жиҳатдан такомиллаштириш ишлари ҳам амалга оширилади.
[gallery-29852]
Мутахассислар таъкидлашича, лойиҳа якунлангач, маҳаллада электр таъминоти сифати ва ишончлилиги янада ошиб, истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш имкониятлари кенгаяди.
Беҳзод САИДОВ (сурат), ЎзА