Университетда учрашув
Янги лойиҳа: ҳудудларда “ЎзА кунлари”
Хоразм вилоятида ўтаётган “ЎзА кунлари” доирасида Урганч давлат университетида учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнудбек Ҳудойбердиев бошлиқ ижодий гуруҳнинг талаба-ёшлар билан очиқ мулоқоти ниҳоятда қизғин ўтди.
Учрашувда университет ректори Феруза Мадраҳимова, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Саидов сўзга чиқиб, мамлакатимизда, хусусан ,Хоразм вилоятида ёшларнинг эркин изланишлари, илм олишлари учун яратилган имкониятлар, уларни қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
[gallery-28404]
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети мамлакатимизда ўз ўрнига эга таълим даргоҳларидан биридир. Университетда бугун 25 мингдан ортиқ маҳаллий ва ҳорижлик талабалар таҳсил олмоқда.
Учрашувда Х.Ҳудойбердиев талабаларга рақобатбардош кадр бўлиш учун доимий изланиш, чет тилларини мукаммал ўрганиш, ўз устида ишлаш, замонавий технологияларни чуқур эгаллаш ҳамда юртимизда яратилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги юзасидан фойдали тавсияларини берди.
—Учрашвувжуда самимий бўлди, – дейди университет 3 -курс талабаси Нафосат Аҳмаджонова. - Тадбир давомида мамлакатимизнинг етакчи ахборот агентлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик. Мен ҳам журниластикага қизиқаман ва мен каби шу соҳага қизиқувчи ёшлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Биз университетимиз матбуот хизмати қошида ёш мухбирлар клубини ташкил этиб, ўзимизнинг медиа материалларимизни ЎзА сайтига ҳам тақдим қилиб боришимиз ва вилоятимиздаги янгиликларни ёритишда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирдик. ЎзА раҳбарияти томонидан ушбу ташаббусимиз қўллаб-қувватланди.
Мулоқот давомида талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
Учрашув охирида университет ахборот -кутубхона марказига ЎзА номидан китоблар, суратлар ,планшетлар, қулоқчинлар “Mutolaa” иловаси учун бир йиллик обунаси билан совға қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида Ургенч туманидаги “Imzo” корхонаси фаолияти ва Ал-Хоразмий массивида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди. Хоразмда “ЎзА кунлари” тадбирлари давом этмоқда.
[gallery-28405]
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари