Университет билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Музокаралар давомида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим сифати, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболдаги қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Мазкур ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнига илғор тажрибаларни кенг жорий этишга қаратилган.
Томонлар профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, семинар ва конференциялар ташкил этиш, ўқув-услубий материаллар тайёрлаш ҳамда халқаро таълим лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар. Икки университет ўртасидаги мазкур ҳамкорлик илмий салоҳият ва академик тажрибанинг ўзаро уйғунлашуви учун янги имкониятларни юзага чиқармоқда.
Қайд этилганидек, бугунги кунда таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзгаришлар олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни янада долзарб масалага айлантирмоқда. Имзоланган меморандум академик алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Бу ҳамкорлик томонлар учун янги имкониятлар, янги ташаббуслар ва янги натижалар сари очилган йўлдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.