Миннатдорчилик
Дунё тиббиётида долзарб муаммо бўлиб келаётган ва ечимини кутаётган касалликлар қаторида саратон етакчи ўринни эгаллайди. Айниқса, улар орасида бош мия ва бўйин саратони беморларга руҳий зўриқиш олиб келишидан ташқари, шифокорлар учун ҳам даволаш мураккаб бўлган оғир соҳалардан биридир.
2021 йил август ойида менга ҳам ҳиқилдоқ-ҳалқум ва қизилўнгач саратони 3-босқичи, дисфагия 2-босқичи ташхиси қўйилди. Халқ тилида айтганда, “қилтомоқ” диагнози.

Албатта, ўшанда хаёлимдан қандай ўйлар ўтганини тасаввур қилдингиз. Бола таътилидан чиқиб, ишга кирганимга энди 10 кунча бўлган, севимли даргоҳим – иккита мактабда анчагина дарс соати ажратилган. Бундан қувониб, ўқув йилига шай турган вақтларим эди. Қолаверса, фарзандларим жуда ёш, янги уй олганимизга эса ҳали кўп бўлмаган, олган қарзларимизни тўла узиб улгурмаган эдик.
Бунақа вазиятда бу касалликни даволашга кетадиган харажатлар ҳамманинг ҳам юрагини эзиб юборса керак. Чунки таҳлил натижаларини аниқлашнинг ўзи камида минг-икки минг долларгача харажатни талаб қилиши мумкин. Яна аксига олиб, дастлаб менга нотўғри ташхис (қалқонсимон безда гипотериоз аломатлари) қўйилганлиги ва гормонал препаратлар билан даволашни бошлашгани боис вақтни ўтказиб юборгандим.

Зудлик билан даволаниш мақсадида Тошкент шаҳар онкология шифохонасига йўлланма олдим. У ерда эса мени химиятерапия бўлимига жўнатишди. Ушбу муолажани олувчилар кўплигидан менга навбат камида 3-4 ойдан кейин келишини айтишди.
Турмуш ўртоғим хуноб бўлиб, “Экология ёмонлигидан рак касаллигига чалинганлар шаҳарда шунчалик кўп эканми?” деганларида мен “Бу касалликнинг турлари ва стадияларини сўнгги технологиялар ёрдамида эрта аниқлаш имконияти пайдо бўлганидан бўлса керак”, деб жавоб бердим.
Сўнгра Тошкент шаҳар онкология диспансери директори Дониёр Исҳоқов олдига кириб, вазиятимни тушунтирдим. Улар мени профессор Одил ака Абдураҳимов раҳбарлик қилаётган “Бош-бўйин ўсма касалликлари хирургияси” бўлимига йўналтирди. Кучли салоҳият, одиллик, жонкуярлик шундоққина юз-кўзларидан кўриниб турган Одил ака раҳбарлигидаги бутун бошли врачлар жамоаси мени даволашга киришди.

Дастлаб Одил аканинг тезкор даволаш услуби ҳақидаги таклифига кўнмай оғриқли, лекин тез самарали – химиятерапия ва нуртерапия олишни танладим. Лекин вақт ўтиб қарорим нотўғри эканлигини тушундим ва шифокоримнинг таклифига рози бўлдим. Ёқимсиз ва ноқулай кўринса-да, энг самарали ечим бўлган гастроназал зонд қўйишларига кўндим. Ахир, бу йўл билан исталганча кучли овқатланиш, фойдали ва танани тозаловчи дамламалар ичиш, мураккаблик туғдирган дориларни қабул қилиш мумкин эди. Муаммоли тарафи эса – бундай ташқи кўринишга атрофдагиларни ва турмуш ўртоғимни кўниктириш эди.
Минг бор шукрлар бўлсинки, барча бу ҳолатни тўғри тушунди, кўмаклашди, кўнглимни кўтаришди. Ҳаттоки, турмуш ўртоғимга қувноқлик билан “Мен катта харажатли операциясиз, чет элда даволанишларсиз ҳам соғаяяпман, негаки, ёмонга ўлим йўқ, пулига эса менга қимматбаҳо машина олиб берасиз” дея ҳазиллашардим. Турмуш ўртоғим, “Биламан, сен осон енгиладиганлардан эмассан, майли олиб берганим бўлсин” деб ҳазилни давом эттирарди.
Даволанишни бошладим. Бу даврда мислсиз оғриқлар, ноқулайликлар ва ғам-қайғу, оғир ўйлар менга ҳамроҳлик қилди.
Аммо биласизми, бу даврда бемор учун ижобий кайфиятда бўлиш жуда муҳим экан. Баъзан соғлом инсонлар кичик қувончлардан, хурсандчиликлардан қониқмай қолади. Мен эса ҳар бир ҳодисадан ҳам яхшилик қидиришни, уни қувончга айлантиришни, жуда бўлмаганда, ҳазил тўқишни ўргандим. Ўз-ўзимдан қониқа бошладим, танамни ва руҳиятимни бошқара олдим. Танамда кечаётган жараённи тўғри талқин қилиб, ҳис қилиш кўникмаси пайдо бўлди. Ўзимни чалғитувчи ва бирор сония бўлсин, ёмон фикрга бориб қолишга имкон қолдирмайдиган машғулот ҳам топдим.
Одил ака мен учун устозлик ва яхши шифокорлик қилди. Меҳнатлари самараси умримга йилларни ҳадя этди. У киши тушкунликка тушиб қолган беморларнинг руҳини кўтаришга интиларди. Ҳа, том маънода ўсдим, улғайдим. У кишининг кўнгилга яқин фикрлари, маслаҳатлари ёрдамида руҳий жиҳатдан қўрқмас, ривожланишга мойил шахсга айландим. Қаттиқ оғриқлар чоғида ҳам хотиржамгина дунё адабиётининг ноёб намуналарини қўлдан қўймай ўқийверадиган, комедия кўрсам, қувнаб куладиган, касалликка ва ёмон эмоцияга парво қилмайдиган беғам инсонга айландим. Вужудимдаги нафратни енгдим, ҳасад ўрнига ҳавасни, руҳимдаги баъзи чиркин ғалаёнлар ўрнига муҳаббатни ривожлантирдим.
Соғлиқнинг ўзи ҳузур, ёқимли олов каби танага илиқлик бахш этади. Аслида бундай шифокорлар жамиятимизнинг бойлиги, ноёб кишилари саналади. Оилам врачлар оиласи бўлганлиги боис, атрофимдаги кучли мутахассисларни танийман ва гоҳида одамларнинг врачлар ҳақидаги ҳар бир нотўғри хулосаси ҳеч қандай асосга эга эмаслигини ҳис қиламан.
Мана орадан уч йилга яқин вақт ўтди. Шифокорларнинг ногиронлик нафақаси олишга ҳаққим борлиги ҳақидаги маслаҳатига қарамай, уни олишдан воз кечдим. Севимли машғулотим ортидан озми-кўпми даромад топдим. “Сенинг сабринг ва меҳнатинг ҳаққи”, дея турмуш ўртоғим бажонидил машина совға қилди. Мен у кишидан чексиз меҳри учун қарздорман.
Одил ака Абдураҳимов бошчилигидаги шифокорлар Музаффар Маликов, Муҳиддин Худойбердиев, Отабек Ниғмонов, Дониёр Исҳоқовдан миннатдорман. Ҳар қандай чет эллик мутахассисларданда кучли бу врачларнинг менга қилган инъомини, меҳнатини, эҳсонини қадрлайман. Ушбу муассасада даволанган бошқа беморлар билан ҳам мулоқотда бўлиб тураман, уларнинг номидан ҳам юксак миннатдорлик изҳорини етказмоқдаман.
Оқила Туробова,
фахрий ўқитувчи.
ЎзА