Украина иловаси бузиб кирилди: аҳолига сохта хабарлар тарқатилди
Украинадаги "Повітряна тривога" – "Ҳаво хавфи" мобил иловасига кибер ҳужум уюштирилиб, рухсатсиз кирилди ва аҳолига ваҳима уйғотувчи сохта огоҳлантириш тарқатилди.
Жумладан, иловада бехос “Радиация хавфи бор!”, “Кимёвий хавф!” ва “Кўча жанги бошланиши мумкин!” мазмунидаги хабарлар пайдо бўлди. Шунингдек, хавф харитасида бутун Украина ҳудуди қизил ранг билан белгиланди.
Мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, тарқатилган ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Расмий баёнотда радиация ёки кимёвий хавф мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Ҳарбийлар ҳодисани аҳоли орасида қўрқув ва саросима уйғотишга қаратилган руҳий ҳужум сифатида баҳолади. Фуқароларга ваҳимага берилмаслик, фақат расмий манбалардан тарқатилаётган маълумотга ишониш тавсия этилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА