Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти томонидан барпо этилган Марказий Осиёда ягона картодромнинг очилиши чинакам спорт байрамига - картинг бўйича Ўзбекистон чемпионатининг стартига уланиб кетди.
Тадбир очилишида Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, картинг ёш спорт тури бўлишига қарамай республикамизда, хусусан Наманган вилоятида ҳам тобора оммалашиб бораётганини таъкидлаб, янги спорт мажмуаси ёш ўғил-қизларнинг севимли масканига айланишига тилак билдирди.
Картинг бўйича мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 150га яқин спортчи ғолиблик учун баҳсларга киришди. Пойгаларда энг ёш иштирокчи - Оятулло Қодиров эндигина 8 ёшга тўлганлиги диққатга сазовор.

Эътиборлиси шундаки, чемпионат олдидан вилоят раҳбари ва кўп карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, Тошкент Гран-при мусобақаси совриндори, уйчилик 12 ёшли Ясмина Эгамбердиева картинг пойгасини бошлаб бердилар. Пойгадан сўнг, Шавкат Абдураззоқов спортга дадил қадамлар билан кириб келган қизларнинг маҳоратига қойил қолганлигини, келгусида Наманганда Ясмина каби умидли спортчи-қизлар сафини кўпайтириш учун барча чора-тадбирлар амалга оширилишини айтди.
Эътироф этиш жоиз, “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, эртамиз эгаларини спортга қизиқтириш, уларнинг салоҳияти ва интилишларини юзага чиқаришда алоҳида ташаббус кўрсатиб келаётгани диққатга сазовордир. Жаҳон стандартларига тўла мос келувчи уч конфигурацияли картодром бунинг ёрқин мисолидир.

Бундай хайрли ишларда Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва омммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ватанпарвар” ташкилотининг техник ва амалий спорт турлари таркибига кирувчи авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризми ривожлантирилади. Учқўрғон туманидаги ўқув спорт техника клуби тасарруфидаги 1,70 гектар ер майдонида бошланган қурилиш ишлари натижасида тез орада картодромда ҳакамлар ва тиббиёт ходимлари хоналари, ўғил ва қиз болалар кийиниш ва ювиниш хоналари, картингларни таъмирлаш устахоналари барпо этилди. Мавжуд 870 метрдан иборат картодром ҳудудидан қўшимча 0.50 гектар ер майдони сотиб олиниб, халқаро талабларга жавоб берадиган умумий узунлиги 1050 метр бўлган уч йўналишли (1-йўналиш 831 метр), (2-йўналиш 825 метр), (3- йўналиш 855 метр) янги замонавий картодром қайта бунёд қилинди.
Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу халқаро картадромда спортчилар учун барча шарт-шароитлар ҳозирланди. Хусусан, бу ерда нафақат республика даражасидаги мусобақалар, балки халқаро миқёсдаги турнирларни юқори савияда ташкиллаштириш имконияти яратилди.