“Учинчи Ренессанс асоси – Янги Ўзбекистон”
Ўзбекистонда Халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида “Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) мажлислар залида “Маърифат нури: XIX-XX асрлари адабий ва илмий-маданий ислоҳотлар” мавзусидаги халқаро конференция билан бошланди.
Тадбирга кўплаб хорижий давлатлардан олимлар, экспертлар ва маданий ташкилотлар раҳбарлари, ёшлар ва ОАВ ходимлари, шунингдек, CNN ва Euronews экспертлари таклиф этилди.
Анжуманда модератор сифатида Ўзбекистон Республикаси маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов иштирок этди.
Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU раиси Фирдавс Абдухолиқов мамлакатимизда кечаётган маънавий янгиланиш жараёнларида она тилимизни асраб-авайлаш, буюк аждодларимизнинг меросини ўрганиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланиши муносабати билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, академик Шуҳрат Сирожиддинов “Тил – миллат ойнаси” мавзусида нутқ сўзлади.
Шундан сўнг “Учинчи Ренессанс асоси – Янги Ўзбекистон” бўлими очилди. Тадбир доирасида “Маърифат карвони” меморандуми имзоланди. Хорижий ОАВ раҳбарлари ҳам ўз маърузалари билан қатнашди. Euronews компаниясидан Фред Харрисон “Янги Ўзбекистон Европа ОАВлари нигоҳида” мавзусида маъруза қилди, CNN компаниясидан Имрон Аҳмад эса “CNN ва Ўзбекистон ҳамкорлиги” мавзусида сўзга чиқди.
“Ўзбекистон нумизматикаси” лойиҳасини Миҳо музейи илмий ходими, фан доктори Сергей Лаптев тақдим қилди. Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез (Туркия) ўзининг янги “Ҳозирги ўзбек адабиёти” китобини тақдим этди.
"Pitch ва “Сила света” студияси ҳаммуассиси ва ижодий директори Борис Кислицин (Испания) Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини тайёрлашда қўлланиладиган замонавий инновацион технологиялар ҳақида гапирди.
Шунингдек, Ўзбекистон илмий доира вакиллари ва хорижий экспертлар Янги Ўзбекистонда маънавият ва маърифат мавзусидаги тақдимотлари билан қатнашди.
Тақдимот якунида хорижий экспертлар иштирокида лойиҳалар муҳокамаси ўтказилди.
Н.Усмонова, ЎзА