Жиззах вилоятида "Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” доирасида ўтказилган муҳим тадбирлар қаторида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси шахсий таркиби учун ташкил этилган Шароф Рашидов номидаги давлат музейига саёҳат алоҳида ўрин эгаллади.
Бу нафақат тарихий меросга бўлган ҳурматни янада кучайтириш, балки ватанпарварлик ва миллатга садоқатни авлоддан авлодга олиб ўтиш мақсадида қилинган муҳим маънавий тадбир бўлди.

Ўзбекистоннинг мустақиллик йиллари юксалишида ёш авлодни маънавий жиҳатдан тарбиялашнинг алоҳида ўрни бор. Ана шу нуқтаи назардан ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ўтказилди. Ушбу учрашувда фахрийлар ва ёшлар ўз тажрибалари ва фикрлари билан ўртоқлашиб, миллат, садоқат ҳамда ватанга хизмат қилиш борасидаги ўз мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтишди.

Жиззах вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Фахрийлар кенгаши раиси Иноятулла Қаҳҳоров билан шоир ва адиба Меҳрибон Абдураҳмонова каби фаоллар иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқот ёшлар қалбида Ватанга муҳаббатни янада кучайтирди. Музей экспозициялари эса тарихий воқеалар ва буюк шахсларнинг ҳаёти орқали миллий ғурурни уйғотгувчи муҳим омилга айланди. Хусусан, давлат ва жамоат арбоби, адиб Шароф Рашидовнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар ҳар бир иштирокчида тарихий хотирани уйғотди, уларнинг ватанга бўлган меҳр ва масъулиятларини янада оширди.

Шундай қилиб, мазкур саёҳат ва учрашув нафақат тарихни ўрганишга, балки юртошларимиз қалбида маънавий уйғониш ва ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари