Туя минган узоқни кўзлайди
Туячилик бугунги кунда янги тармоқ сифатида қаралсада, Арнасойнинг қадим ўрни – Қизилқум чўли ушбу жониворларнинг тарихий ватани ҳисобланади.
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида «Poultry raisning Arnasoy» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари, ёш тадбиркор Собиржон Тўйчиев қишлоқ хўжалигининг ноанъанавий тармоғи – туячиликни йўлга қўймоқда.
Туячилик бугунги кунда янги тармоқ сифатида қаралсада, Арнасойнинг қадим ўрни – Қизилқум чўли ушбу жониворларнинг тарихий ватани ҳисобланади. Сувсизликка чидамли, озуқа танламайдиган бу жонивор аждодларимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиб келган. Чўлнинг иқлимига мослашган туяни бежизга «Саҳро кемаси» деб аташмаган.
Бироқ ҳозирги замонда туядан юк ташиш ва транспорт воситасида фойдаланишга эҳтиёж қолмаган бўлсада, у кўп гўшт, шифобахш сут ва қимматбаҳо жун бериши билан чорвачиликда муҳим тармоқ сифатида аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Бундан ташқари, туя сутининг шифобахш ҳусусиятлари халқ табобатида қадамдан маълум бўлган. Кейинги йилларда ҳам туя сутидан кўплаб касалликларни даволашда фойдаланилмоқда.
Эндиликда вилоятнинг чўл ҳудудларига туташ Мирзачўл, Фориш каби туманларда қатор туячилик хўжаликлари пайдо бўлаётир. Туячиликка ёш тадбиркорларнинг ҳам қўл ураётгани эса тармоқнинг истиқболи борлигини кўрсатиб турибди.
Коллежни битиргандан сўнг тадбиркорликда омадини синаб кўриш ҳаракатида юрган Собиржонга бобосининг «туячилик билан шуғуллан, ўзим ёрдам бераман», деган гапи далда бўлди. Унинг бу ниятини амалга оширишда Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ёрдам берди. Ёш тадбиркорга кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил этиб, туячиликни ривожлантириш бўйича бизнес лойиҳа тайёрлашда амалий ёрдам берилди.
Ёш тадбиркорнинг лойиҳасини амалга оширишга «Yoshlar-kelajagimiz» жамғармасидан 300 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилмоқда. Лойиҳа амалга оширилиши билан фермер хўжалигида қўшимча 15 та янги иш ўрни яратилади.
– Асосий мақсад ҳам шу – ёшларнинг бандлигини таъминлаш, – дейди «Yoshlar-kelajagimiz» жамғармаси туман филиали раҳбари Аброр Отақулов. – Шу мақсадда «Poultry raisning Arnasoy» кўп тармоқли фермер хўжалигининг туячилик йўналишидаги лойиҳаси ҳам ҳар томонлама асослаган. Лойиҳанинг ҳисоб-китоблари, истиқболи ўрганиб чиқилиб уни молиялаштириш лозим топилди.
Халқимизда «Туяни миниб, узоқни кўзла» деган мақолида айтилганидек, янги тармоқни ривожлантиришга дадил қўл урган Собиржон Тўйчиевнинг ҳам режалари катта. У туячилик хўжалигини саноат асосида йўлга қўйиб, ҳудуддаги санатория-даволаш муассасаларини шифобахш туя сути билан таъминлашни мақсад қилган.