
ФА Тарих институтида "Турон ҳарбий археологияси муаммолари" биринчи эллараро илмий йиғини бўлиб ўтди. Унда ўзбек олимлари билан бир қаторда Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, АҚШ, Россиядан ҳам етакчи мутахассислар иштирок этди.
Тарих институти директори, академик Азамат Зиё йиғинни очиб берар экан, бугунги кунда ҳарбий тарихни Ўзбекистон, Марказий Осиё, Туркий дунё миқёсида ўрганишнинг аҳамияти нечоғлик долзарблиги ва илмий муаммолари, айниқса, бу борада мутахассислар тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталди. Шундан сўнг, эллараро илмий йиғин қатнашчилари сўнгги йилларда қўлга киритган илмий натижаларини тақдим этдилар.

Йиғининг биринчи босқичида ФА Миллий археология маркази бўлим бошлиғи, профессор Абдулҳамид Анорбоев ўзбек давлатчилиги ва арбий тарихида муҳим ўрин тутган Ахсикатнинг мудофаа иншоотлари ва Фарғонанинг ҳарбий санъати тарихи бўйича ўз илмий қарашлари билан ўртоқлашди.
Самарқанд Археология институти етакчи илмий ходими Жамол Мирзааҳмедов Пойкентдан топилган, милоддан олдинги 2 – милодий 1-юзилликларга оид янги ханжарлар тарихи ва тавсифи хусусида маъруза қилди.

Қозоғистон Сариарқа Археология институти етакчи илмий ходими Эмма Усмонова ва АҚШнинг Аризўна университети досенти Ирина Панюшкина Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши 1391 йилги "Қипчоқ юриши"ни археология нуқтаи назаридан ёритиб бердилар.
Россия Эрмитаж музейи етакчи илмий ходими Андрей Ўмелченкў Пойкент ашёлари асосида ҳарбий зирҳлар тўплами ҳақида ўз илмий мулоҳаза ва хулосаларини билдирди.
Самарқанд Археология институти докторанти Шаҳзод Очилов Илонўтди дарасидан топилган найзанинг жез учи мисолида миллий ҳарб иши тарихида янгича қарашларни таклиф қилди.

АҚШнинг Хўфстр университети профессори Александр Неймарк ва Самарқанд Археология институти етакчи илмий ходими Анвар Отахўжаев Сариқултепа ёдгорлигидан топилган, қадимги даврга оид ёй учлари ва танглар ҳақида ўз таҳлилий натижаларини тақдим этдилар.
Озарбайжон Археология ва антропология институти етакчи илмий ходими Дмитрий Кириченкў Шабрандадан топилган жез ханжар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Қозоғистон Археология институти етакчи илмий ходими Қалиолла Аҳметжон қозоқ туғларининг учлари ҳақида илмий тавсифий маърузаси билан ўртоқлашди.
Йиғиннинг иккинчи босқичида Тожикистон Тарих, археология ва этнография институти етакчи илмий ходими Галина Каримова ва Тожикистон Тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш агентлиги катта илмий ходими Шароф Қурбонов илк ўрта чоғларда Юқори Зарафшон мудофаа иншоотлари таснифлаб бердилар.
Россия Самара миллий тадқиқот университети етакчи илмий ходимлари Сергей Зубов ва Олеса Зубова ҳам Амир Темурнинг 1391 йилги Дашти қипчоқ ҳарбий юришига тўхталиб, бош эътиборни ҳарбий истеҳкомларнинг ташкил этилиши ва аҳамияти билан боғлиқ илмий мулоҳазаларга қаратдилар.
Қирғизистон Ўш давлат университети досенти Чиннихон Сотиболдиева Буюк Қирғиз хоқонлиги даври қиличлари тавсифи ва талқини бўйича қимматли фикрларини тақдим қилди.
Шунингдек, Бухоро давлат меъморий-бадиий музейи қўриқхонаси тадқиқотчиси Дилмурод Холов, Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш университети профессори Дилшода Султонова, ФА Миллий археология маркази катта илмий ходими Элдор Асанов, Фарғона давлат университети магистранти Алишербек Мамажонов, Нукус давлат педагогика институти досенти Бахт Турганов ҳам мазмунли чиқишлар қилдилар.
"Турон ҳарбий археологияси муаммолари" биринчи эллараро илмий йиғинида муҳокама қилинган масалалар, ўртага ташланган янги ғоялар миллий ва эллараро даражада ҳарб иши тарихини ўрганиш, ўзбек ҳарбий археологиясини ривожлантиришда муҳим илмий воқеа бўлди, дейиш мумкин.
Қатнашчилар ушбу йиғинни ҳар йили ўтказиш кераклигини бир овоздан уруғладилар.
Умиджон Қурбонов, ЎзА