Туркия билан уруғчилик соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Маълумки, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида уруғчилик соҳасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган ва у изчил ривожлантирилмоқда. Икки мамлакат уруғлик етиштириш, нав синаш ва соҳани халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш бўйича қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Шунга кўра, пойтахтимизда Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори ўринбосари Ш.Аминов ҳамда Туркиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти уруғлар ассоциацияси (ECOSA) Директорлар кенгаши раиси Йилдирай Генджер бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда 2026 йил 27–28-октабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “9-ECOSA” халқаро уруғчилик конгрессига тайёргарлик кўриш, тадбирнинг ташкилий масалалари ҳамда конгресс доирасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Туркия билан уруғчилик соҳасида, хусусан, маккажўхори ва сабзавот экинлари уруғчилиги йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар уруғчилик соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича фикр алмашдилар.
Гулноза Бобоева, ЎзА