Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан журналистлар ва блогерлар учун Паркент туманида пресс-пикник ўтказилди. Шу кунларда бу жойга сайёҳлар қатнови анча ортган. Айниқса, ҳудуддаги Қизилтоғ қўрғонининг кенг қир-адирлари оилавий дам олувчилар билан гавжум.
Иштирокчилар дастлаб “Қизилтоғ” қўрғонидаги очиқ дала майдонида саёҳатга келувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Апрель ойининг илиқ кунларида нафақат маҳаллий сайёҳлар балки, қўшни давлатлардан ҳам меҳмонлар Паркентнинг гўзал манзараларини кўриш учун ошиқмоқда.


Манзилга бориш ва қайтиш учун тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда автотранспорт воситалари ҳаракатини тўғри ташкил этиш чоралари кўрилган. Мақсад барчага қулайлик яратиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдир. Дам олиш кунлари йўл бўйларида ЙҲТ ходимлари томонидан жараёнлар назоратга олинган. Жойларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси, Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси, вилоят ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2024 йил мазкур туманда туризм экспорти 57,3 миллион долларга етди. Бу ҳудудда туристлар энг кўп борадиган Сўқоқ, Заркент, Чанги, Номданак ва Кумушкон каби қишлоқларни ўз ичига олган “Parkent Green” туристик рекреацион зонасини ташкил этилгани Тошкент вилояти туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди.


Бугунги кунда Туризм қўмитаси ва Қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу ҳудудларнинг “мастер режалари” ишлаб чиқилмоқда. Туристлар оқимини янада ошириш мақсадида 2025 йилда маданий ва кўнгил очар тадбирлар “Узум сайли” халқаро виночилик фестивали, “Сомса сайли” мусобақаларини ташкил этиш мақсад қилинган. Унда хорижий эстрада юлдузлари иштирокида гала-концертлар ташкил этилиб, сайёҳларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларига хизмат қилинади.

Бироқ айрим сайёҳлар томонидан яшилликка бурканган қир-адирлар этагида дам олганидан сўнг чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари ҳалигача учрамоқда. Шуни эътиборга олиб, масъуллар мунтазам равишда меҳмонларга тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Тадбирда “Плоггинг” – табиатни асраш акцияси доирасида ОАВ вакиллари ҳудудни чиқиндилардан тозалаб, атроф ободонлигига ўз ҳиссаларини қўшди. Мутахассислар таъкидлашича, бу жойларда бир кунда 1,5-2 тоннагача чиқинди ҳосил бўлади ва уларни ўз вақтида олиб кетиш чоралари кўрилади. Шунингдек, турли спорт беллашувлари ташкил қилиниб, шахмат, шашка мусобақаси ўтказилди.
А.Мусаев,ЎзА.