Туризм: аҳоли бандлиги таъминланмоқда
Кўхна ва боқий Бухоро қадимий обидалари, миллий ҳунармандчилиги ва маданий мероси билан азалдан сайёҳларни ўзига жалб этиб келган.
Жорий йилнинг январь – август ойларида вилоятга 880,2 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар орқали туризм экспорти 220,1 миллион АҚШ долларига етди. Хорижий сайёҳлар оқими эса ўтган йилнинг мос даври (753,2 минг)га нисбатан 116,8 фоизга ошди.
Шу билан бирга, республика ҳудудларидан Бухорога 2,8 миллион нафар маҳаллий аҳоли сайёҳга келган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври (2,4 миллион)га нисбатан 116,6 фоизга ошган. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида эса Бухородан республика ҳудудларига 819,6 минг нафар сайёҳларнинг саёҳати ташкил этилди.
[gallery-19362]
Қолаверса, жорий йилнинг март ойида Бухоро шаҳрида “Ички туризм ярмаркаси” ва “Bukhara Destination Forum”и бўлиб ўтди. Унда, Миср, Иордания, Ливан, Жазоир каби араб давлатларидан туризм соҳаси вакиллари, вилоятдаги ва республика ҳудудларидан туроператор, гид-экскурсовод, меҳмонхона хўжалиги мутасаддилари иштироки таъминланди.
2024 йилнинг 3-5 май кунлари Бухоро шаҳрида “II Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали” бўлиб ўтди. Фестиваль доирасида 42 та мамлакатдан 157 нафар хорижий меҳмонлар ташриф буюрди.
Зиёрат туризм йўналишида, жорий йилнинг 30 май куни Сингапурда “Crescent Rating” ташкилоти томонидан ташкил этилган “Halal In Travel – Global Summit 2024” умумжаҳон саммитида 27 та давлатдан 80 нафардан кўпроқ вакиллари иштирок этган бўлиб, бу йилги “Halal In Travel – Global Summit 2024” мукофоти Бухоро вилоятига топширилди.
Жорий йилнинг январь – август ойларида туризм ва ёндош соҳаларда қарийб 12,3 минг нафар янги иш ўринлари ташкил этилиши натижасида бугунги кунда туризм ва унга ёндош соҳаларда 64,9 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.