Туристик имкониятлардан самарали фойдаланиляптими?
Шу кунларда пойтахтимизнинг ҳар бир диққатга сазовор жойларида, тарихий масканларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юрган хорижий сайёҳларга тез-тез кўзимиз тушади. Туризм мавсуми бўлгани боис сайёҳлар оқими янада кўпаймоқда.
Аслида уч минг йиллик тарихга эга юртимиз ўзининг қадимий манзилгоҳлари, асрларга тенгдош тарихий обидалари, гўзал табиати ва жаннатмаконлиги билан дунё сайёҳларини ўзига ром этиб келади. Қадимий шаҳарларимиз кўрку таровати, архитектура ёдгорликлари очиқ осмон остидаги музей сифатида барчани ҳайратга солади.
Юртимизга келаётган сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпаймоқда

Юртимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳа равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқими ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда. Туризм қўмитасининг берган маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 9 ойида юртимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 4 миллион 906,9 минг нафарни ташкил қилади. Шунингдек, 2022 йил давомида уларнинг сони 5 миллион 232,8 минг нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич 5 йил олдин, яъни 2018 йилда келган хорижий сайёҳлар сонига нисбатан 97,9 фоизни ташкил этган.
Бундан ташқари, юртимизда ички туризмни ривожлантириш бўйича ҳам кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Бу борадаги ишлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида 17,5 миллиондан ортиқ ички сайёҳлар қайд этилган. Ўтган 2022 йил давомида уларнинг сони 11 миллион 435,5 мингни ташкил этган.
Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш борасида йўлга қўйилган ишлар самараси халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилаётгани қувонарлидир. Хусусан, яқинда Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан эълон қилинган туризм соҳаси энг тез ривожланаётган 20 та давлат рўйхатида Ўзбекистон тўртинчи ўринда қайд этилди. Бу, албатта, ижобий натижадир.
Яқинда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг 25-Бош ассамблеяси Самарқанд шаҳрида ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Унда кўплаб манфаатли келишувларга эришилгани, янги лойиҳалар бўйича ҳужжатлар имзолангани соҳадаги ишларни янада жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Стратегия: хорижий туристлар сони 15 миллионга оширилади
Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти жуда бой ва ранг-баранг. Аммо мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, очилмаган қирраларни намоён этиш галдаги вазифалардандир. Бу борада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш йўналишида бир қатор мақсад-вазифалар ўз аксини топган.
Хусусан, мазкур дастуриламал ҳужжатда хорижий туристлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган туристлар сонини 3 миллион нафарга ошириш мақсади кўзда тутилган. Бундан ташқари, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига республикада 30 та йирик туризм кластерларини ташкил этиш, меҳмон ўринлари сонини камида 2 баробарга ошириш, тоғли ҳудудларда 25 та дор йўллари қуриш, туризм маҳаллалари сонини 175 тага етказиш мақсадлари кўзланган. Туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга, тиббиёт ва таълим туризми экспортини йилига 1,5 миллиард долларга етказиш белгилаб олинган. Хорижий туристлар учун барча халқаро аэропортларда республикадан сотиб олинган ва расмийлаштирилган маҳсулотлар учун «Tax free» тизимини жорий этиш вазифалари ўз аксини топган.
Ушбу мақсад-вазифалар келгусида мамлакатимизда туризмнинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Соҳа равнақи салоҳиятли кадрлар билан чамбарчас боғлиқ
Туризм соҳасини янада тараққий эттириш, олдимизга қўйилган юксак мақсадларга эришишда ва “Барқарор туризм” концепцияларини амалга оширишда етук, замонавий кадрлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Хўш, бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Туризм — мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим йўналишларидан биридир, — дейди Туризм соҳасида таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Маткаримов. — Шу боис ҳам соҳа ривожига жиддий эътибор қаратилиб, кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қайд этиш керакки, туризмни янада ривожлантиришда соҳада малакали, тажрибали кадрлар муҳим ўрин тутади. Бу борада охирги 3 йилда туризм соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасалари сони 16 тадан 30 тага, уларда таълим олувчи талабалар сони эса мос равишда 4 минг 100 нафардан 11 минг 500 нафаргача ошган. 2020 йилда олий таълим муассасаларида туризм соҳасида таълим берувчи педагогларнинг илмий салоҳияти 24,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 37,6 фоизга етди.
Жаҳон туризм саноати бозорида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида 2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилди. Бугунги кунда университетда туризм, логистика, гид-таржимонлик, музейшунослик, археология, ижодий саноат, маданий меросни бошқариш каби мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Университетда талабаларга туризм ва маданий мерос соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича юқори ўринларда турувчи АҚШ, Япония, Австралия, Хитой, Италия, Ҳиндистон университетларида фаолият юритган 20 дан ортиқ хорижлик профессор-ўқитувчилар жалб қилинган. Мазкур университет бугунги кунда энг таниқли ва нуфузли олий ўқув даргоҳларидан бирига айланди. Мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги биринчи Флагман университети сифатида ШҲТга аъзо давлатлар учун туризм ва маданий мерос соҳасида замонавий кадрларни етиштириб бермоқда.
Бундан ташқари, соҳада кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик ҳамжамияти ҳамда Швейцариянинг тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари педагогларининг малакасини ошириш ва биргаликда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳамкорлик доирасида касб-ҳунар таълим муассасаларида профессионал кадрлар тайёрлашни дуал таълим шаклида амалга ошириш тизими такомиллаштирилмоқда.
Швейцария Конфедерацияси Ҳуқумати билан биргаликда “Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида туризм йўналишида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими ривожланмокда. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда Туризм қўмитаси ҳузуридаги жами 10 та профессионал таълим муассасаларида амалиёт дарсларини ташкил этиш мақсадида лабораториялар яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, яқинда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган 25-Бош ассамблеясида Ўзбекистонда туризм ва маданий мерос бўйича билимларни болалик ва ўсмирликдан ўргатиш бўйича кейинги ўқув йилидан Самарқанд шаҳридаги 20 та мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун “Туризм” фанини ўқитиш тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилиши таклиф этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда кейинги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида соҳага кадрлар тайёрлаш бўйича янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, халқаро илғор тажрибадан келиб чиқиб, туризм йўналишидаги бакалавриатда 3 йиллик таълим асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Олий таълим ташкилотларида таълим жараёнини амалиёт билан бирга олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида олий таълим муассасалари қошида туроператорлик корхоналари, меҳмонхоналар ташкил этиш ҳамда туристик логистика хизматларини кўрсатишга рухсат берилади. Бу каби чора-тадбирлар туризм-сервис соҳаларида халқаро талабларга мос, юқори малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятидан унумли фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракатлар иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғи бўлган туризм равнақига, соҳада янги имкониятлар эшиги очилишига замин бўлади. Зеро, Ўзбекистоннинг бой тарихи, ўтмиши ва бугуни сайёҳлар эътиборини мунтазам ўзига жалб этиб келиши бу борадаги имкониятлар кенглигидан далолатдир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА