Пойтахтимизда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ҳамда Кореянинг Хорижда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш уюшмаси бошқарма бошлиғи Ли Кёнг Ву бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда меҳмонлар институт фаолияти, мамлакатимиз тупроқлари ҳақидаги аниқ маълумотлар билан таништирилди. Соҳада муваффақиятли ҳамкорликни илмий-инновацион ёндашув асосида қўллаб-қувватлаш механизмлари кўриб чиқилди.

Корея делегациясининг юртимизга ташрифидан мақсад қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни татбиқ этиш орқали ер унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш имкониятларини ўрганиш, шунингдек, потенциал пилот ҳудудларни аниқлаш, мавжуд агротехник шароитларни таҳлил қилиш доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳанинг концептуал асосларини ишлаб чиқишдан иборат.

Мулоқотда Ли Кёнг Ву қишлоқ хўжалиги соҳасидаги Корея компаниялари хорижий мамлакатларга инвестициялар киритишни рағбатлантириши, ресурслар ривожи, технология трансфери ва техник ёрдам кўрсатиш орқали кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тушунчалар берди.

Ўғитлар соҳасида эксперт, консултант Чо И Сок томонидан органик ўғит ишлаб чиқариш ва уни ҳудудларда жорий этиш бўйича тақдимот ўтказилди. Тақдимотда ўғит ишлаб чиқариш технологиялари, ўғитни тупроқда қўллаш жараёнлари ва ўсимликнинг шўрланишга чидамлилигини ошириш ҳамда тажриба далаларидан олинган натижалари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Гулноза Бобоева, ЎзА