Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорликда жорий йилнинг 8-9 февраль кунлари махсус рейд тадбирларини ўтказди.
Тунги кўнгилочар масканлар раҳбарлари, ишчи-хизматчилари ва мижозларга нисбатан жами 59 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шу билан биргаликда 3 та жиноий ҳолат аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Хусусан, 10 та ҳолатда Урганч шаҳридаги “Шарқ”, “Мандарин”, “Туман”, “Луна”, “ВИП” ва “Пантера” клублари раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси 2-қисми, яъни вояга етмаган шахс кўнгил очиш жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш, 49 та ҳолатда эса, кодекснинг 165-моддаси бўйича жавобгарликка тортилди.

Урганч шаҳри, Урганч ва Янгибозор туманларида “Багатий” клубида 14 нафар, “Комфорт сахара” клубида 5 нафар, “Шарқ” клубида 3 нафар, “Нурик” клубида 7 нафар, “Луна” клубида 5 нафар, “Америка” клубида 4 нафар, “Мир”, “Туман”, “ВИП”, “Сахара” ва “Мандарин” клубларида 2 нафардан ҳамда “Пантера” клубидан эса 1 нафар лицензиясиз раққосалик ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳолатлари бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Урганч шаҳридаги “Богатий” клуби иш юритувчиси– Урганч шаҳрида яшовчи 21 ёшли фуқаро ушбу клубда раққосалик билан шуғулланиб келаётган Тошкент шаҳрида яшовчи 20 ёшли ва Урганч шаҳрида яшовчи 21 ёшли аёлларни бир кун давомида эркаклар билан жинсий яқинлик қилдириш мақсадида 200 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион 300 минг сўмга, яъни 300 АҚШ долларига ҳисоблаб сотаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Тадбир давомида шу куни “Ико бар” номли тунги клуб иш юритувчиси, Урганч шаҳрида яшовчи 35 ёшли фуқаро ушбу тунги клубда раққосалик билан шуғулланаётган Урганч туманида яшовчи 2 нафар, яъни 31 ва 23 ёшли аёлларни эркаклар билан яқинлик қилдириш мақсадида 2 миллион 200 минг сўмга сотаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Шунингдек, Янгибозор туманида жойлашган “Нурик” тунги клубида мижозларни жалб қилиш мақсадида у ерда раққосалик билан шуғулланаётган қизларга ҳар-хил турдаги “шоу”ларни кўрсатишлари учун гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилдириб келаётганлиги бўйича олинган тезкор маълумотга асосан тезкор тадбир ташкил этилди. Натижада ушбу тунги клуб иш юритувчиси Янгибозор тумани Жайхун маҳалласида яшовчи 21 ёшли фуқаро мижозларга хизмат кўрсатиб турган бардаги стол таги кўздан кечирилганда гиёҳвандлик моддаси, шунингдек, 2 дона бита, 2 дона пичоқ ва 1 дона электрошокер борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Урганч шаҳрида фаолият олиб бораётган “АСА” тунги клубига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари текширув жараёнлари учун борган вақтида клубда соқчи бўлиб ишловчи 27 ёшли фуқаро ходимларга фаол қаршилик кўрсатган. Ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан ушбу фуқаронинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди. Унга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 ва 195-моддаларига асосан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Рейд тадбирлари давомида Урганч шаҳрида яшовчи 32 ёшли фуқаро ўз уйи олдида ходимлар томонидан тўхтатилиб текширилганида унинг ёнида гиёҳвандлик моддаси топилган. Фуқаронинг кийими ва яшаш уйида 52 грамм героин ва 48 грамм опий гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланди.
Шу кунларда юқоридаги ҳолатлар бўйича тергов жараёнлари олиб борилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/opl00eYVxl0?si=Tn4NvuioCUsFB1Rh" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (видео),
ЎзА мухбирлари