Транспорт инспекциясида очиқлик: ОАВлар учун медиатур
Йўлларни бежиз “ҳаёт томирлари” демайдилар. У ҳаво , сув ёки темирйўлда бўладими, ўргимчак уясидек тарқалган автомобил йўллари бўладими, ҳар ерда тартиб, меъёрларга қатъий риоя ва ижро интизоми зарур. Унинг аксарият қисмини транспорт инспекцияси амалга оширади.
Бугун Фарғона шаҳрида республика Транспорт назорати инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими амалга ошираётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Унда соҳадаги янгиликлар, янги қонун, унинг тафсилотлари, амалиётда қўллаш услублари, коррупцияга қарши курашиш, соҳани рақамлаштириш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берилди.

Шундан сўнг вилоятнинг Марғилон шаҳри ҳамда Қўштепа ва Фарғона туманлари ҳудудида назорат рейдлари ўтказилди. Дастлаб юк автомобилларининг вазни, ҳажмини ўлчаш, бунда белгиланган меъёрларга риоя этилаётгани борасида ўрганишлар ташкил этилди.
– Республика бўйича 50 дан ортиқ кўчма ва стационар тарозилар бор. Уларда юк автомобиллари вазни ўлчанади, – дейди Транспорт назорати инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Хайриддинов. – Машиналар, уларнинг ҳар бир ўқига белгиланган меъёрлар бор. Бу меъёрлар бузилиши ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Вазнга нисбатан амал қилмаслик бевосита йўллар сифати бузилишига олиб келади.

Рейд учун инспекция вакиллиги махсус жиҳозланган автомобилга эга. Чунки юк машиналари бир неча ўлчамларда назорат қилинади. Қолаверса, бундай назорат узоқ, чет йўлларда бўлиши мумкин.
– Махсус транспорт воситамиз жиҳозланган бўлиб, унда нарвон, генератор, баландликни ўлчаш ва ёритиш жиҳозлари бор, – дейди Транспорт назорати инспекцияси бош инспектори Шерзод Қодиров. – Ҳайдовчи билан мулоқотларни видеотасвирга олувчи камера ҳам мавжуд. WiFi ўрнатилган бўлиб интернет йўқ жойда ҳам электрон воситалар асосидаги ҳужжатлар расмийлаштирилаверади.

Фойдаланишдаги йўлларнинг сифатсиз аҳволга келишига бир жиҳатдан юк машиналари ҳажми ва оғирлиги меъёрлардан ортиқчалиги ёзнинг жазирама чоғида асфальт қатламининг сидирилиши ва тахламланишига олиб келади. Иккинчи сабаб эса, албатта йўл қурилишидаги сифатсизлик. Яъни қалинлиги, зичлиги, ост қатламнинг меъёрдагидек тайёрланмагани каби бир қатор омиллар билан боғлиқ. Шунинг учун транспорт испекцияси вилоят йўлларидаги аҳволни, айниқса, янги ётқизилган асфальт сифатини назорат қилиб туради.
– Мазкур объектдан бажарилган ишлар лойиҳа талабларига мослиги юзасидан лаборатория намуналарини олдик, – дейди Транспорт назорати инспекцияси Фарғона вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Дилшод Йўлдошев. – Сўнгра бажарилган иш геометрик ўлчамлари, ётқизилган асфальт қопламасининг қалинлиги юзасидан лаборатория таҳлили олиб борилади. Унда қопламанинг физик-механик хусусиятлари, унинг сув шимувчанлиги, зичлиги ва бошқа кўрсаткичлари синаб кўрилади. Лаборатория кўрсаткичлари лойиҳа кўрсаткичларига солиштирилади.

Афсуски, бу соҳада бир қатор муаммолар мавжуд. Ҳозир тадбиркорлик субъектлари ҳам йўлларни асфальтлаш билан шуғулланади. Айниқса, ички йўлларни. Аммо аксарият тадбиркорлар соҳа мутахассиси эмас, уларда ихтисослашган техник воситалар йўқ, ёки етарли эмас, сифат лабораторияси эса умуман бўлмаган... Аммо тендерда ғолиб чиқди, дея объектлар уларга топширилмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, транспорт инспекцияси бу тадбиркорлик субъекти фаолиятини ўрганиш учун жуда кўп идоралар рухсатини олиши талаб этилади. Бундай камчиликлар ихтисослашган қурилиш ташкилотларида ҳам учраб туради.
– Белгиланган меъёрларга амал қилинмаса, нуқсон ва қоида бузишларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилади. Агар бажарадиган иш кўлами катта бўлиб сифати талабга жавоб бермаса, унга ажратилган маблағни ҳисобдан чиқариш ҳақида буюртмачига талабнома киритилади, – дейди Дилшод Йўлдошев.

Назорат қилиш ишлари натижасида 17 та объектда аниқланган 778 млн.сўмлик сифатсиз бажарилган ишларнинг ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилди.
Матбуот анжумани давомида Транспорт назорати инспекцияси ва Фарғона вилояти ОАВлари ўртасида ҳамкорлик келишуви қабул қилинди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YFSz8SK8GsE" title="Farg‘onaning yangilangan bosh darvozasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат),ЎзА