Трамп хавфсизлиги чоралари қайта кўриб чиқилмоқда
Оқ уй мухбирлари ассоциациясининг йиллик зиёфати арафасида содир бўлган отишма воқеаси Америка Қўшма Штатларида президент хавфсизлиги тизими самарадорлигига оид саволларни яна кун тартибига чиқарди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар айни йўналишдаги мавжуд хавфсизлик чораларини қайта таҳлил қилмоқда, деб хабар берди “Reuters” нашри.
Қуролланган шахс Вашингтондаги “Hilton” меҳмонхонаси яқинида ўқ отар қуролдан ўт очган. Ўша пайт бинода Президент Дональд Трамп иштирокида тадбир ўтказилиши режалаштирилган эди. Федерал хизмат ходимлари гумонланувчини бинога кириб боришидан олдинроқ тўхтатган.
Маълумотга кўра, махсус хизмат давлат раҳбарини ҳимоя қилиш бўйича белгиланган режа асосида иш олиб борган. Фақат отишма товуши тадбир иштирокчиларига эшитилгани хавфсизлик жараёнидаги айрим камчиликларни юзага чиқарган.
Мутахассислар фикрича, бундай оммавий тадбирларда ташқи хавфсизлик ҳалқасини кенгайтириш зарур. Айниқса президент иштирок этадиган митингларда хавфсизлик ҳудуди янада кенг қамраб олиниши зарурлиги таъкидланмоқда.
Тўғри, тадбирга кириш учун иштирокчилар металл детектордан ўтган, аммо меҳмонхона ҳудудига киришда фақат чипта талаб қилинган. Айрим шахслар ўтган йилги чипта билан киришга урингани қайд этилган. Гумонланувчи эса тадбирдан бир неча кун олдин меҳмонхонага жойлашиб, дастлабки текширувни четлаб ўтган бўлиши мумкин.
Ҳодиса вақти президент қисқа вақт ичида хавфсиз жойга олиб чиқилган. Бошқа баъзи расмийларни эвакуация қилиш бироз кечиккани айтилган.
Айни пайт АҚШ расмийлари ушбу ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда. Кузатувчилар фикрича, натижага қараб президент ва ҳукумат аъзолари хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар жорий қилиниши мумкин.
Дарвоқе, бу масала аввал ҳам муҳокама қилинган. Хусусан, 2024 йил сайлов олди тадбири чоғида содир бўлган суиқасдга уринишдан кейин президент муҳофазаси кучайтирилган эди.
Д.Ҳакимов, ЎзА