Тошлоқда янги шифохона иш бошлади
Тўғри, Ўзбекистоннинг қайси шаҳар-туманига борманг, бунёдкорлик ва ободончилик авжида. Лекин Тошлоқ туманига бир-икки ой келмаган одам ўзгаришларни яққол ҳис қилади. Сўнгги йилларда айниқса туман маркази - Тошлоқ шаҳарлардан қолишмайдиган қиёфага кирди. Бу алохида мавзу. Бугун тумандаги қувончли воқеа ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Ҳашаматли бино, тиббий техникалар билан жиҳозланган Марказий шифохона фойдаланишга топширилди. У салобатли, хоналари кенг, ёруғ. Қайси соҳа бўлмасин замонавий ускуналар, хушмуомала ва малакали шифокорлар хизматда.

22.8 миллиард сўм сарфланди, 175 ўринли бу шифохона қурилишига. Ҳар бир қаватда ихтисослашган йўналиш. Жарроҳлик бўлими беморлари эса бундай шароитни кўриб соғайиб кетишга умидлари мустаҳкамланяпти. Қабул, ташхис қўйиш, лаборатория бўлимлари қулай жойлашган.

- Янги шифохонада ФГД, УЗИ, рентген диагностика аппаратлари ва рақамли рентген ишлаб турибди, - деди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Хасанбой Каримов. - Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун замонавий лапороскопик ускуналари олиб келиб қўйилди. Унда беморларда кичик жароҳат билан амалиёт ўтказиш мумкин, Илгаричи, дерсиз. Беморга кўп ноқулайлик бўлган. УЗИ бир бинода бўлса, лабаратория бошқа, рентген эса ҳув нарида... Хуллас, келинг уларни эсламайлик. Янги бинода барча хизмат турлари мужассам. Ҳатто қаватдан қаватга кўркам лифтларда кўтариласиз.

Бино ёнидаги алоҳида эшикдан кирсангиз, туғруқхонага рўбаро бўласиз. Буни қарангки, янги шифохона биноси очилган биринчи куниёқ кетма-кет чақалоқлар туғилибди.

- Исмим Зулфия. Кеча янги бино туғруқхонасига олиб келишди. Қиз чақалоқлик бўлдим, - дейди Зулфия Эргашева. – Айтишларича, шу янги туғруқхонада менинг чақалоғим биринчи бўлиб туғилибди.
- Шундай кунларда янги туғруқхонада фарзандим дунёга келди, - деди Зулхумор Парпибоева. - Биринчи фарзандим эски бинода туғилган эди. Бу ернинг аввалгисидан фарқи она-болага энг қулай шароитлар яратилган. Дояларнинг тили ширин, қўллари енгил экан.
Аслида бундай кўркам тиббиёт марказларининг қурилиши инсон манфаати ҳар нарсадан устун деб белгиланган Ўзбекистоннинг изчил сиёсати натижаларидан биридир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Drvu1NIK6xs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Мухаммаджон Обидов
Элёр Олимов