Тошкентдаги халқаро миграция форуми хорижий ОАВ нигоҳида
Жорий йилнинг 18–19 май кунлари пойтахтимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш” мавзусида Тошкент халқаро миграция форуми (TIMF) ўтказилди. Ушбу нуфузли анжуман нафақат мамлакатимизда, балки глобал миқёсда ҳам катта акс-садо берди.
Хусусан, хориждаги етакчи оммавий ахборот воситалари ушбу тадбирга алоҳида эътибор қаратиб, унда илгари сурилган ташаббусларни юқори баҳолади. Жумладан, Туркиянинг машҳур “Turkic World” нашрида эълон қилинган мақолада Тошкент форумининг кўлами ва унда муҳокама қилинган масалалар эътироф этилди.
Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Халқаро миграция ташкилоти (IOM) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу йиғинда 300 дан ортиқ халқаро экспертлар, БМТ вакиллари ҳамда йирик иш берувчилар хавфсиз миграция, касбий малакаларни тан олиш ва гендер тенглиги каби долзарб муаммоларга аниқ ечимлар топиш устида иш олиб боришган. Турк матбуоти Ўзбекистоннинг бу қадамини минтақада миграция тизимини тартибга солишдаги муҳим тарихий қадам сифатида тилга олган.

Шунингдек, Канаданинг “Work Global Canada Inc.” ташкилоти ҳам ушбу форум бўйича махсус материал эълон қилди. Унда қайд этилишича, Канадалик йирик иш берувчилар ва экспертлар Тошкентдаги учрашувларда фаол иштирок этишган.
Пол Шелли ва Ванда Кафф Янг ўз мақолаларида Ўзбекистоннинг ёш ва малакали ишчи кучи салоҳиятига юқори баҳо бериб, ўлкамизни Канада учун ишончли ва стратегик ҳамкор сифатида баён этишган. Қолаверса, Тошкент форуми давлатлараро узоқ муддатли иқтисодий кўприкларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи энг самарали платформа бўлганини қайд этишган.
Умуман олганда, хорижий нашрларда чоп этилган мақолалар Тошкент халқаро миграция форуми глобал миграция муаммоларини ҳал этиш ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Янги Ўзбекистон дунё ҳамжамияти учун муҳим ва етакчи майдон ярата олганини яққол исботлади, дейиш мумкин.
Фардона Яхшибоева, ЎзА