Тошкентда сузиш бўйича жаҳон кубоги босқичи мусобақалари ўтказилади
Жорий йилнинг 8-10 октябрь кунлари пойтахтимиз «World Aquatics» федерациясининг 2026 йилги мусобақалар тақвимига киритилган ва сузиш бўйича «Ипак йўли» турининг бир қисми ҳисобланган жаҳон кубоги босқичига мезбонлик қилади.
Таъкидлаш жоизки, сув спортининг ушбу йўналишида бундай нуфузли мусобақа мамлакатимизда илк бор ўтказилмоқда.
Турнир мураббийлар ва спортчилар учун жорий йил декабрь ойида Пекин шаҳрида ўтадиган 25 метрлик сув ҳавзасида сузиш бўйича жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик ва имкониятларни синовдан ўтказиш вазифасини ўташи билан аҳамиятли саналади.
Нуфузли мусобақада Америка, Европа, Осиё ва Африка қитъаларидан 400 нафардан зиёд спортчи, мураббий ва ҳакамлар иштирок этиши кутилмоқда.
Ушбу мусобақа Ўзбекистон сув спортининг халқаро нуфузини янада ошириш баробарида, спортчиларимиз жаҳоннинг энг кучли сузувчилари билан бир майдонда рақобатлашиб, тажриба орттиришларига хизмат қилади.
Т. Рўзиев, ЎзА