Тошкентда Марказий Осиё енгил атлетика юлдузлари жам бўлади
23–25 август кунлари пойтахтимизда енгил атлетика бўйича III Марказий Осиё очиқ чемпионати ўтказилади.
Нуфузли мусобақада тўққиз мамлакатдан енгил атлетика вакиллари иштирок этиб, турли йўналишларда ғолиблик учун баҳс олиб боради. Ўзбекистон шарафини 188 нафар атлет ҳимоя қилади.
Уч кун давомида Тошкент стадионларида енгил атлетиканинг деярли барча асосий турлари бўйича баҳслар ташкил этилади. Жумладан, спортчилар спринт, ўрта ва узоқ масофаларга югуриш, тўсиқлар оша югуриш, стипль-чез, узунликка, баландликка ва уч ҳатлаб сакраш, ядро, диск, босқон ҳамда найза улоқтириш йўналишларида куч синашади.
Чемпионат дастуридан томошабинлар учун қизиқарли бўлган 4х400 метрга аралаш эстафета ҳам ўрин олган. 23 ва 24 август кунлари баҳслар эрталаб ва кечқурунги дастур асосида ўтказилади. Мусобақанинг сўнгги финал баҳслари эса 25 август куни эрталаб бўлиб ўтади.
Турнирда Ўзбекистон билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Таиланд, Сингапур, Грузия ва Саудия Арабистони жамоалари иштирок этади.
Чемпионатнинг асосий манзили Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси” бўлади. 10 минг томошабинга мўлжалланган замонавий стадион атлетларга юқори даражадаги шароитда беллашиш имконини беради. Айрим техник йўналишлар бўйича мусобақалар Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси стадионида ўтказилади.
Мусобақанинг асосий ташкилотчиси — Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси. Чемпионатга тайёргарлик жараёнида академия билан бирга Ўзбекистон ва Марказий Осиё спорт ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда. Ташкилий ва ҳакамлик гуруҳларидан ўзбекистонлик мутахассислар билан бир қаторда халқаро ҳамда минтақавий даражадаги экспертлар ҳам ўрин олган.
Бу эса мусобақани халқаро енгил атлетика мусобақалари талаблари асосида ўтказиш, спортчиларнинг натижаларини холис баҳолаш ва турнирнинг ташкилий савиясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси директори Шуҳрат Усмоновнинг таъкидлашича, мусобақа спортчиларга халқаро рақобат тажрибасини орттириш, спорт формасини синовдан ўтказиш ва кучли рақиблар сафида ўз даражасини баҳолаш имконини беради.
Мутахассиснинг фикрича, мазкур турнир спортчиларнинг 2027 йилда ўтказиладиган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионати ҳамда 2028 йилда Лос-Анжелес шаҳри мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларига узоқ муддатли тайёргарлигида муҳим босқич вазифасини ўтайди.
Тошкент минтақавий очиқ чемпионатни қабул қилиш бўйича муайян тажрибага эга. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақада 69 та медалга сазовор бўлган. Уларнинг 18 таси олтин, 28 таси кумуш ва 23 таси бронза медаллари.
Бу йилги чемпионатга ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан кучли атлетлар жалб этилган. Шу боис мезбон спортчилар нафақат медаллар сонини кўпайтириш, балки ўз натижаларини яхшилаш ва халқаро рақобатда яна бир бор ўз имкониятларини намойиш этиш учун майдонга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА