Тошкентда "GameFest–2026” халқаро фестивали бошланди
Айни кунларда Тошкент шаҳри видео ўйинлар ва анимация саноатини бирлаштирган Марказий Осиёдаги энг йирик тадбирлардан бири — “GameFest–2026” халқаро фестивалига мезбонлик қилмоқда.
Рақамли технологиялар соҳасидаги мазкур нуфузли анжуман Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида, Ўзбекистон Креатив уюшмаси ташаббуси билан, Мирзо Улуғбек ворислари ўқув курслари маркази ҳамда IT Park Uzbekistan ҳамкорлигида учинчи бор ташкил этилди.
Бу йилги фестиваль ўз кўлами билан минтақадаги энг йирик креатив индустрия майдонларидан бирига айланди. Унда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан 100 дан зиёд компания вакиллари, инвесторлар, аниматорлар, дастурчилар ва gaming соҳаси мутахассислари иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида халқаро networking учрашувлари, мастер-класслар, панель муҳокамалари ҳамда инвестицион pitch сессиялари ташкил этилади. Хусусан, Meta, Warner Bros. Games ва DeAPlaneta Entertainment экспертлари томонидан анимация ва видеоўйин яратиш бўйича махсус мастер-класслар ўтказилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий стартап ва дастурчилар ўз лойиҳаларини халқаро венчур фондлари — Behold Ventures ҳамда Ludus VC вакилларига тақдим этиш имкониятига эга бўлади.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда видео ўйинлар экспорти ҳажми 200 млн. АҚШ долларига етиб, 21 баробар ўсган. “GameFest–2026” фестивали эса мамлакатнинг глобал gaming ва креатив индустрия харитасидаги ўрнини мустаҳкамлаш, “Made in Uzbekistan” брендини халқаро бозорга олиб чиқиш ҳамда янги инвестицияларни жалб этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА