Тошкентда 1 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар ноқонуний олиб кирилиши фош қилинди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор ходимлари қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ тиббий жиҳозларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди.
Хитойдан пойтахтдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилган тиббий жиҳозларнинг фактура қиймати ҳужжатларга кўра 5,4 минг АҚШ доллари, нетто вазни эса 132,5 кг. деб кўрсатилган. Аслида эса ҳолат бошқача бўлиб чиқди.

Божхона ходимлари юкларни божхона кўригидан ўтказганида ҳужжатлардаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди. Декларацияда жами 5 минг 400 дона деб кўрсатилган стоматологик буюмлар аслида 82 минг 500 дона экани маълум бўлди.

Шунингдек, юклар орасида ҳужжатларда умуман қайд этилмаган қўшимча 30 та комплект стоматологик жиҳозлар ҳам борлиги аниқланган.

Ашёвий далил сифатида олинган тиббий жиҳозларнинг дастлабки қиймати 1 миллиард 40 миллион сўмни ташкил қилди. Ҳолат юзасидан ҳозирда текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА