Тошкент вилоятининг инвестициявий ташаббуслари “Янги Тошкент”да
Мамлакатимизда шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар нафақат замонавий инфратузилмани шакллантириш, балки ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга ҳам хизмат қилмоқда. Айниқса, пойтахт атрофида барпо этилаётган “Янги Тошкент” шаҳри бу борада янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Маълумки, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12 октябрь куни “Янги Тошкент” шаҳрига ташриф буюриб, бу ерда йирик лойиҳаларни амалга ошираётган инвестор ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказган эди. Учрашувда Президентимиз “Янги Тошкент”да яратилаётган имкониятлардан нафақат пойтахт тадбиркорлари, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудлари вакиллари ҳам кенг фойдаланиши зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда республикамизнинг 13 та ҳудуди учун 100 гектардан ер майдони ажратилиши, ушбу ҳудудларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари натижалари тегишли вилоятларнинг иқтисодий кўрсаткичларида акс этиши белгиланди.

Шу мақсадда мазкур ҳудудда Тошкент вилояти учун ажратилган ер майдонида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят фаоллари, нуронийлар, тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар иштирок этди. Дастлаб миллий анъаналаримизга мувофиқ жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Йиғилганлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг бардавом бўлишини тилаб, дуога қўл очди.
Тақдимотда эса масъул мутасаддилар мазкур ҳудудда қурилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорларга лойиҳаларни шакллантириш, ер майдонларидан фойдаланиш ва уларни рўёбга чиқариш тартиблари юзасидан батафсил маълумот берди. Шунингдек, иштирокчиларга барпо этилиши режалаштирилган “Янги Нурафшон” массиви, ҳудудни ободонлаштириш ва объектларни жойлаштириш бўйича меъморий ечимлар тақдим этилди.

Лойиҳага ҳудуддаги жами 36 та лот жойлаштирилган бўлиб, уларда савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, бизнес марказлари, кўп қаватли турар жой бинолари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш кўзда тутилган. Бу эса келгусида ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, хизматлар кўламини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш учун замин бўлади.
Тақдимот якунида тадбиркор ва инвесторлар ўз таклиф ҳамда ташаббусларини билдириб, лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан атрофлича жавоб олди. Таъкидлаш жоизки, бу ерда амалга ошириладиган барча лойиҳалар “Янги Тошкент” шаҳрининг бош режаси ва замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида шакллантирилади. Бунда “яшил ҳудуд”, “тоза ҳаво” ва “яшил энергетика” тамойилларига алоҳида эътибор қаратилиб, объектларни юқори сифат ва премиум тоифа мезонлари асосида барпо этиш режалаштирилган.

Шу нуқтаи назардан, “Янги Нурафшон” массиви нафақат Тошкент вилояти тадбиркорлари учун янги инвестиция майдони, балки ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини кенг намоён этишга хизмат қиладиган истиқболли лойиҳа сифатида аҳамиятлидир. Унинг барпо этилиши янги бизнес ташаббуслари, қўшимча иш ўринлари ва замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга ҳам ҳисса қўшиши кутилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА