Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятидан 2026 йил мавсуми учун дастлабки бир гуруҳ зиёратчилар муқаддас Ҳаж амалларини адо этиш мақсадида Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Тошкент вилояти вакиллиги мутасаддилари, шунингдек, сафарга отланганларнинг яқин қариндошлари иштирок этди. Тадбирда зиёратчиларга оқ йўл тилаб, сафар давомида барча амалларни тартиб ва интизом асосида, мукаммал адо этиш бўйича тавсиялар берилди.

***
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ўрта Чирчиқ туманидаги Саидовул саноат зонасига бориб, корхоналар фаолияти, ҳудудда амалга оширилаётган ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт салоҳияти ва янги инвестиция лойиҳалари билан яқиндан танишди.
Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ҳажмини ошириш ҳамда ташқи бозорлардаги улушни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Учрашув мобайнида Саноат зоналари дирекцияси раҳбари томонидан саноат зоналарининг ривожланиш стратегияси юзасидан тақдимот ўтказилди. Шунингдек, саноатни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида эришилаётган натижалар таҳлил қилинди.
Тақдимотда алоҳида эътибор муаммоли ва суд жараёнида бўлган лойиҳаларга қаратилди. Уларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, иш фаолиятини тиклаш ва иқтисодий айланмага қайта киритиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

***
Нурафшон шаҳар спорт мактабида маҳаллаларда оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда саломатлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида фаол ва фидокорона меҳнат қилиб келаётган 435 нафар маҳалла раислари, ёшлар етакчилари ҳамда селекционер-тренерлар муносиб тақдирланди.
Тошкент вилояти спорт бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда уларга спорт экипировкалари топширилиб, жойларда олиб борилаётган самарали ишлар юксак эътироф этилди. Бу эътибор нафақат рағбат, балки эзгу мақсадлар йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган инсонлар меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида оммавий спорт янада ривожланиб, соғлом турмуш тарзига кенг эътибор қаратилади, энг муҳими, баркамол ва соғлом авлод тарбиясига мустаҳкам замин яратилади.

А.Мусаев, ЎзА