Тошкент ва Хива энди янада яқин: «Жалолиддин Мангуберди» юқори тезликдаги поезди қатнови йўлга қўйилди
Ўзбекистонда темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш доирасида яна бир муҳим қадам ташланди — Тошкент ва Хива шаҳарлари ўртасида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Жалолиддин Мангуберди” поезди қатнови йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа мамлакатда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва аҳолига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда янги темир йўл йўналишлари қурилиб, электрлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Замонавий локомотив ва вагонлар харид қилиниб, йўловчи ташиш сифати сезиларли даражада оширилди. Хусусан, яқин йилларда яна 200 та янги вагон харид қилиниши режалаштирилгани соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давом этаётганини кўрсатади.

Янги поезд Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан ҳамкорликда харид қилинган бўлиб, у 250 км/соат тезликда ҳаракатланиш имкониятига эга. Поезд 7 та вагондан иборат бўлиб, 389 нафар йўловчига мўлжалланган. Иқлим шароитига мослаштирилган мазкур поезд +50 даража иссиқликда ҳам, –40 даража совуқда ҳам ишончли ҳаракатлана олади.
Эндиликда Тошкентдан Хивагача бўлган 1022 километрлик масофа аввалги 14 соат ўрнига атиги 7,5 соатда босиб ўтилади. Поезд Самарқанд, Бухоро ва Урганч орқали ҳаракатланиб, йўловчиларга манзилга тез ва қулай етиб бориш имконини яратади.

Тадбирда иштирок этган “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ Бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров шундай дейди:
— “Бу поезд нафақат транспорт воситаси, балки мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини оширадиган муҳим омил ҳамдир. Хива каби тарихий шаҳарга бундай тез ва қулай етиб бориш имконияти хорижлик сайёҳлар учун ҳам катта имконият яратади.”
Йўловчилар ҳам янги поезд имкониятларини юқори баҳоламоқда:
— “Аввал бу масофани босиб ўтиш жуда чарчатади. Энди эса ярим кун ичида Хивага етиб бориш мумкин. Вагонлар жуда қулай, ўриндиқлар ҳам эркин бурилади,” — дейди илк рейс йўловчиларидан бири.
Янги қатнов “Тошкент-Марказий” вокзалидан ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Хивадан эса поезд чоршанба, жума ва якшанба кунлари қайтади. Илк қатновлар 2026 йил 5–6 май кунлари бошланди.

Муҳими, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун “Бухоро – Урганч – Хива” йўналишида 450 км темир йўл тўлиқ электрлаштирилди. Шунингдек, “Навоий – Бухоро” участкасида янги линия барпо этилди.
Мутахассислар таъкидлашича, келгусида “Мискин – Нукус” участкасидаги ишлар якунлангач, 2027 йилдан бошлаб Тошкент – Нукус йўналишида ҳам юқори тезликдаги поездлар ҳаракатланиши режалаштирилган.
Янги авлод поездларининг йўлга қўйилиши нафақат транспорт тизимини яхшилайди, балки мамлакатнинг иқтисодий ва туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
<iframe width="412" height="732" src="https://www.youtube.com/embed/Vqt4ERQxH4I" title="Toshkent - Xiva endi bir qadam" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимжон Мардонов, ЎзА