Тошкент иссиқлик электр станцияси куз-қиш мавсумига тайёрми?
Тошкент иссиқлик электр станциясида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари тизимли олиб борилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ишчи гуруҳи Тошкент иссиқлик электр станцияси фаолияти билан яқиндан танишди. Ишчи гуруҳ томонидан корхонанинг жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, асосий ускуналарнинг техник ҳолати, шунингдек, иситиш мавсумида станциянинг барқарор ва хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш ҳамда фильтрларнинг техник ҳолати, ундан самарали фойдаланиш даражаси ва техник хизмат кўрсатилиши бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш давомида чанг-газ тозалаш тизимларини келгусида модернизация қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ускуналарни босқичма-босқич янгилаш, замонавий технологияларни жорий этиш, тозалаш самарадорлигини ошириш ва атмосфера ҳавосига салбий таъсирни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, ишчи гуруҳ 9 ва 10-энергоблокларда янги фильтрлаш ускуналарини қуриш жараёнини ҳам кўриб чиқди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ корхонада экологик талабларга риоя этиш ва куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган экологик хавфларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар бўйича ҳам ўрганиш ўтказди. Ўрганиш якунлари бўйича масъул мутахассисларга тегишли тавсиялар берилди. Амалдаги тозалаш тизимларининг ишончли ишлашини таъминлаш, ускуналарга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ҳамда уларни келгусида модернизация қилиш бўйича ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.
Бундай профилактик тадбирларни ўтказиш саноат корхоналарининг экологик хавфсизлигини ошириш, атмосфера ҳавосига салбий таъсирни камайтириш ҳамда куз-қиш мавсуми бошланишидан олдин юзага келиши мумкин бўлган экологик хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА