"Тошкент – 2030" – Келажак сари аниқ қадамлар
Тошкент вилояти ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан улкан салоҳиятли ҳудуд. Гўзал табиати, ерости ва ерусти бойликлари ҳамда қулай инфратузилмаси тараққиёт учун кенг имкониятлар яратади. Шуларга асосланиб амалга оширилаётган ишлар натижасида бу вилоят ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. 2025 йил якунлари бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14,3 миллиард АҚШ долларига етган, аҳоли жон бошига 4,6 минг АҚШ долларини ташкил этган.
Сўнгги йилларда имкониятлар ҳам, аҳолининг талаби ҳам ошиб боряпти. Келгусида ривожланиш суръатларини янада ошириш ва уни одамлар ҳаётида акс эттириш зарур. Шу мақсадда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан вилоят мутахассислари билан биргаликда “Тошкент – 2030” стратегияси ишлаб чиқилди.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги бўлиб ўтган сессиясида мазкур ҳужжат лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳудудий стратегия “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мантиқий бир қисми бўлиб, унда Тошкент вилояти бўйича 70 дан ортиқ мақсадлар белгиланган.
– Тошкент вилояти ҳам саноат, ҳам туризм, ҳам қишлоқ хўжалиги каби иқтисодиётдаги етакчи соҳалар бўйича жуда катта имкониятларга эга, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг ўринбосари Тохир Сафаров. – Транспорт ва логистика жиҳатидан эса энг қулай ҳудуд – учта қўшни давлат билан чегарадош, мамлакатимизнинг шарқи ва ғарбини боғлаб турувчи асосий “артерия” шу ердан ўтган. Шунингдек, пойтахтимиз билан яқинлик бу вилоят учун катта бозор дегани. Ҳудудий стратегияни тайёрлашда биз ана шу жиҳатларга – вилоятнинг устун томонларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратдик. Бу стратегиянинг бош мақсади – 2030 йилгача Тошкент вилоятини илм-фан, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, молия ва туризм хизматлари ҳудуди сифатида ривожлантириш. Аҳоли жон бошига иқтисодий фаолликни ва меҳнат унумдорлигини ошириш, кўпроқ иш ўринлари яратишдан иборат бўлади. Бунга эришиш учун 7 та асосий йўналиш белгиланган.
Биринчи йўналиш – иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлиги. Иккинчи йўналиш – экспорт ва инвестициялар. Учинчи йўналиш – камбағалликка барҳам бериш ва ижтимоий ҳимоя. Тўртинчи йўналиш – инсон капитали. Бешинчи йўналиш – инфратузилма ва “Ақлли шаҳар”. Олтинчи йўналиш – экология ва “яшил иқтисодиёт”. Еттинчи йўналиш – туризм ва тадбиркорлик.
Умуман айтганда, Тошкент – 2030 стратегиясидан келиб чиқадиган асосий мақсад 5 йиллик ривожланишни ҳар бир туман, ҳар бир оила ҳаётига олиб киришдир. Шунинг учун ҳам стратегияда аниқ мақсадлар, уларга эришиш механизмлари, молиялаштириш манбалари ва масъуллар белгилаб қўйилган. Энг муҳими, натижалар мунтазам мониторинг қилиб борилади.
– Биз учун стратегиянинг энг муҳим жиҳати унинг одамлар ҳаётида акс этишидир, – дейди Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Муҳсиддин Низомиддинов. – Шу муносабат билан халқ депутатлари Кенгаши ва депутатлар корпусидан катта масъулият талаб этилади. Хусусан, Стратегия ва унинг чора-тадбирлар дастури ижросини ҳар чоракда доимий комиссиялар кесимида танқидий ўрганиб бориш ва “қизил” тоифага тушган кўрсаткичлар юзасидан масъул раҳбарлар ҳисоботи эшитилади. Туманларнинг “ҳудудий паспортлари” ва уч йиллик комплекс дастурларини шакллантиришда сайловчилар мурожаатлари асосида аниқ таклифлар киритилади.
Маҳаллий бюджет параметрларини Стратегия мақсадлари билан узвий боғлиқ ҳолда тасдиқлаш ва маблағлар сарфи шаффофлиги устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим бўлади. Шу билан бирга, Стратегия мазмун-моҳиятини маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида кенг тарғиб қилиш ва аҳолини унинг ижросига фаол сафарбар этиш чоралари кўрилади.
Энг муҳим жиҳати — ушбу Стратегия ижроси доимий назоратда бўлади. 2028 йилда оралиқ баҳолаш ўтказилади. Ҳар йили мустақил тадқиқотлар амалга оширилиб, натижалар жамоатчиликка эълон қилиб борилади. Бу — янги иш ўринлари, замонавий касблар, сифатли таълим, қулай инфратузилма, ривожланган туризм, замонавий саноат ва фаровон оилалар сари йўл харитаси бўлади.
Умуман олганда, бугун белгиланаётган мақсадлар эртага одамларнинг ҳаётида намоён бўлиши керак. Зеро, стратегиянинг бош мақсади фақат рақамлар эмас, халқимизнинг ҳаёти ва фаровонлигидир.
А.Мусаев, ЎзА