Тўрақўрғоннинг беш маҳалласида асфальтлаштириш ишлари жадал
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ташаббусли бюджет ва бошқа лойиҳалар доирасида бир вақтнинг ўзида бешта маҳаллада асфальтлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
2026 йилнинг биринчи мавсумида “Ташаббусли бюджет” жараёнлари туманда фаол ва уюшқоқ тарзда ўтказилди. Жами 98 та таклиф ахборот портали орқали илгари сурилди. Бу эса аҳолининг ўз яшаш муҳитига дахлдор масалаларга бефарқ эмаслигини яна бир бор тасдиқлади.
Якуний натижаларга кўра, умумий қиймати 19 миллиард 775 миллион сўм бўлган 12 та лойиҳа ғолиб деб топди. Бундан ташқари, “Бордимкўл” маҳалла фуқаролар йиғинининг шерикчилик асосидаги 799,7 миллион сўмлик лойиҳаси ҳам маъқулланди.
Айни кунларда “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан Озод, Катта Қўрғонча ва Қодиробод маҳаллаларида, бошқа дастурлар доирасида эса Гулқишлоқ ва Шовон маҳаллаларида, Исвахон маҳалласида эса ҳомийлар кўмаги билан асфальтлаштириш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, Озод маҳалласида 12 та кўчанинг жами 8 минг 100 метр қисмига асфальт ётқизиш бошланган. Бу ишлар учун 3 миллиард 396 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, дастлабки ишлар “Чортоқ йўллардан фойдаланиш” давлат муассасаси томонидан амалга оширилмоқда.
Мазкур маҳаллани “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури асосида ҳам ободонлаштириш кўзда тутилган бўлиб, бу борадаги ишлар бошланиш арафасида.
[gallery-30258]
Таъкидлаш жоизки, бундай лойиҳалар аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА