Томорқадан яхши даромад олишмоқда
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида томорқачиликда катта тажриба мактаби бор. Аксарият маҳаллалар узум, бодринг, помидор, қалампир етиштиришга ихтисослашган бўлиб, оилалар яхши даромад олмоқда.
“Зилол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Дашт кўчасининг аҳолиси янги хўжаликлар бўлиб, ўз томорқасида иссиқхоналар ташкил этди. Бир пайтлар бу чекка жой дашт, сув йўқ ҳудуд бўлган. Айни кунларда одамларнинг меҳнати билан даромад манбаи топилиб, 160 та хонадон тўрт мавсумда бодринг, помидор етиштириш билан шуғулланмоқда. Томчилатиб суғоришнинг йўлга қўйилгани катта самара бермоқда.

Бугунги кунда маҳаллада 3 та узумчилик, иссиқхона етиштириш кооперацияси фаолият кўрсатмоқда.
Сайфиддин Маҳибуллаев миграциядан қайтгач, ўз томорқасида 30 миллион сўм кредит олиб, 2 та иссиқхона ташкил қилган. Баҳорги мавсумда бодрингдан 60 миллион сўм даромад олди, айни кунларда иссиқхонасида помидор етиштирилмоқда. Ундан камида 80 миллион сўм фойда олишни кўзлаяпти.
– Меҳнат билан дашт жой ҳам обод бўларкан, – дейди у. – Дастлаб бу ерга келганимизда катта ҳадик бор эди. Маҳалладошлар билан ҳаракат қилиб, уйларимизда иссиқхоналарни қурдик. Тўрт мавсумда шу ердаги ишлар билан бандмиз, даромад ҳам яхши.

Аҳроржон Ибрагимов 9 сотих жойда иссиқхона қуриб, бодринг, помидордан икки марта ҳосил олмоқда. Шу билан биргаликда узум ҳам етиштирмоқда.

Суҳроб Рустамов эса 30 сотих жойда иссиқхона ташкил қилган бўлиб, 15 нафар маҳалла ёшлари иш билан банд. Айни кунларда иссиқхонада помидор етиштирилиб, ички бозор билан биргаликда қўшни давлатларга экспорт қилиняпти. Унинг айтишича бу ердан 200 миллион сўм даромад олади.
М.Сулаймонов, ЎзА