Томорқачилик — фаровонлик калити
Гулистон тумани Аҳмад Яссавий маҳалласидаги 12 сотихли замонавий иссиқхона орқали Санжар Шодиев оиласи йилига ўртача 100–120 миллион сўм даромад олмоқда. Бу маблағ хонадоннинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаб, уй-жой шароитини яхшилаш ва фарзандлар таълимига йўналтирилмоқда.
Иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири ва қулупнай етиштирилади. Мавсумий талабдан келиб чиқиб, экин алмашинуви тизими йўлга қўйилган бўлиб, бир йилда уч маротаба ҳосил олиш имкони яратилган. Бу эса ер майдонидан унумли фойдаланиш ва маҳсулот ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.
Хўжаликда замонавий томчилатиб суғориш тизими ҳам жорий этилган. Ушбу технология сув сарфини сезиларли даражада тежаш билан бирга, ўсимликларнинг бир текис ўсиши ва юқори сифатли ҳосил олиш имконини беради.
Томорқа хўжалиги раҳбари Санжар Шодиев иссиқхоначилик ва замонавий агротехнологияларнинг афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтди.
– Иссиқхона бизга йил давомида барқарор даромад олиш имконини берди. Томчилатиб суғориш эса сувни тежаб, ҳар бир ўсимликка керакли миқдорда намлик етказишга хизмат қилади. Шунинг ҳисобига ҳосилдорлик ҳам, маҳсулот сифати ҳам яхшиланди, – дейди у.
Унинг таъкидлашича, замонавий технологиялар жорий этилиши билан бирга меҳнат самарадорлиги ошган, харажатлар оптималлашган.
[gallery-29726]
Энг асосийси, унинг келгусидаги режалари ҳам катта. Санжар Шодиев фаолиятни янада кенгайтириш, иссиқхона майдонларини кўпайтириш ҳамда янги турдаги экспортбоп маҳсулотларни етиштиришни мақсад қилган. Шу орқали у нафақат оила даромадини ошириш, балки маҳаллада намунавий томорқа хўжалиги тажрибасини шакллантиришни ҳам кўзламоқда.
Бугун Санжар Шодиев каби ташаббускор хонадонлар томорқадан самарали фойдаланиш орқали нафақат ўз даромадини оширмоқда, балки маҳаллада замонавий аграр тажрибани кенг тарғиб қилишга ҳам ҳисса қўшмоқда. Иссиқхоначилик ва томчилатиб суғориш каби инновацион усуллар эса томорқачиликни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА