Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари
Чанқоқ ҳолатида ёки бўлмаса тоза ичимлик суви йўқлиги боис истеъмолга яроқсиз сувни ичаётган қатор минтақалардаги инсонларни кузата туриб бу неъматнинг қадрини янада теранроқ ҳис этасан киши.
Сувнинг тириклик манбаи сифатида тарифланиши бежиз эмас. Бутун ҳаётимиз сув билан боғлиқ. Чанқоқ ҳолатида ёки бўлмаса тоза ичимлик суви йўқлиги боис истеъмолга яроқсиз сувни ичаётган қатор минтақалардаги инсонларни кузата туриб бу неъматнинг қадрини янада теранроқ ҳис этасан киши.
Умуман, бутун ҳаётимизни сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис, мамлакатимизда мазкур масалага доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 16 сентябрда ўтказилган сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишга бағишланган йиғилишда соҳага оид бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилилди.
Президентимиз, жумладан, келгуси йилда сув тежовчи технологиялар билан 600 минг гектарни қамраб олиш режалаштирилганлиги ва сўнги 10 йил мобайнида сув ҳажми 12 фоизга камайганлигини, бу, ўз навбатида, бир нечта вилоятларда сув танқислиги муаммосини юзага келтириб чиқараётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Айтиш жоизки, шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида сўнгги 3 йилда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва тубдан ислоҳ қилишга йўналтирилган бир нечта меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Айни чоғда ердан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, даромадни кўпайтириш, истеъмол учун сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашга бўлган талаб ҳам ортди.
Аммо сув ресурси чеклангани сабабли аҳоли бошига тўғри келадиган сув миқдори тобора камайиб бораётгани ташвишлидир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, йиллар ўтиши билан сувга бўлган эҳтиёж янада ортади. Шу сабабли сувнинг қадрига етиб, ундан оқилона фойдаланиш, соҳага инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш айни заруратдир.
Шу мақсадда томчилатиб суғориш технологияси қишлоқ хўжалигига кенг татбиқ этилмоқда. Бу тизим ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжига тенг миқдордаги сувни зарур муддатда унинг илдиз қатламига етказиб беришга мўлжалланган босимли суғориш тармоғи саналади.
Хўш, томчилатиб суғориш тизимининг афзалликлари нимада?
Олимлар маълумотига кўра, бир центнер пахта ҳосили олиш учун томчилатиб суғориш тизимида эгат орқали суғоришга нисбатан 1,8-1,9 марта кам сув берилади. Томчилатиб суғориш ҳисобига экиннинг илдиз тизими нормал шаклланади ва далани бир текисда намлашга эришилади. Шу орқали дала қатор ораларига ишлов бериш учун сарфланадиган харажат камаяди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Томчилатиб суғориш орқали, аввало, тупроқда ўсимлик учун зарур бўлган мақбул намликни ушлаб туришга эришилади, сувнинг қуёш ёки шамол таъсирида буғланишининг олди олинади ҳамда сув ўсимлик илдиз тизимини намлантириш орқали тупроқдаги намликнинг энг мақбул даражасини сақлаб туради. Қолаверса, бу усул орқали ўсимликлар ўсиши, ривожланиши ва ҳосил бериши учун оптимал шароит яратилади, экин турига қараб 80 фоизгача сув тежалади.
Яна бир афзаллик шундаки, бу усулда суғорилган далада қатқалоқ пайдо бўлмайди ва ўсимликнинг ҳаво алмашинуви яхшиланади, культивация қилишга эҳтиёж қолмайди. Шу билан бирга, минерал ўғитнинг суюқ ҳолатда берилиши ҳисобига ўғит 50 фоизгача иқтисод қилинади. Ўсимлик озиқа моддалар билан яхши тўйинади. Экин майдони томчилатиб суғорилса, дала эмас, етиштирилаётган экинлар сув ичади.
Шунингдек, томчилатиб суғорилганда сув ўсимликнинг фақат илдизига боради ва натижада ўсимликнинг ўсишини назорат қилиш имконияти яратилади. Эътиборлиси, бундай ҳолатда экинлар ҳосилдорлигини ошириш кўрсаткичи 15-30 фоизга етади. Соҳанинг ўз ибораси билан айтганда, сувнинг ташламага чиқиб кетишининг олди олинади ва ундан фойдаланиш коэффициенти 0,98 гектарга қадар ортади. Боз устига, тупроқ табиий унумдорлигини тиклаш ва ошириш учун сув билан минерал ўғитлар, микроэлементлар ва кимёвий мелиорантларни белгиланган миқдорда солишга эришилади.
Умуман, томчилатиб суғоришнинг афзалликлари кўп. Бу усулни кенг қўллаш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этса бўлади. Албатта, ушбу саъй-ҳаракатларда биз, сенаторлар ҳам фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади.
Шавкат ЖАЛОЛОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.