Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2026 йил 11 ноябрдаги 616-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ва соҳадаги бюрократик тўсиқларни соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Низомга мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги тўловга қобилиятсизлик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик тизимига марказий аппарат ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри тўловга қобилиятсизлик ишлари бўлимлари киради.
Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган адлия вазири ўринбосари — Агентлик директори раҳбарлик қилади. Шунингдек, агентлик ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Тўловга қобилиятсизлик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича илмий-маслаҳат кенгаши ташкил этилади.
Агентликнинг асосий вазифалари сифатида тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш ва соҳани назорат қилиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, иқтисодий ночор жисмоний ва юридик шахсларни молиявий соғломлаштиришга кўмаклашиш ҳамда жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги ҳисоби ва таҳлилини юритиш белгиланди. Бундан ташқари, агентлик суд бошқарувчиларини тайёрлаш курсларига талабларни белгилайди, уларни аттестациядан ўтказади, малака аттестатини беради ва фаолиятини қатъий назорат қилади. Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, агентлик суд бошқарувчиларининг аттестатини бекор қилиш, молиявий жарима қўллаш ҳамда қарздорнинг ишларини бошқарувчи шахсларни субсидиар жавобгарликка тортиш бўйича судга ариза киритиш ҳақида кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.
Қарор билан соҳани рақамлаштириш йўналишида муҳим янгилик жорий этилмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб тўловга қобилиятсизлик жараёнларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси ишга туширилади. Ушбу платформа «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонунда эълон қилиниши белгиланган маълумотлар мажбурий жойлаштириладиган расмий манба ҳисобланади.
Масъул шахслар тегишли маълумотларни шахсий кабинетлари орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда жойлаштирадилар ва улар реал вақт режимида эълон қилинади.
Шунингдек, агентлик зиммасига тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнидаги юридик ва жисмоний шахслар реестрини, шаҳарни ташкил этувчи корхоналар реестрини юритиш ҳамда жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахсларнинг мулкий комплекслари ва активларини вақтинча бошқариш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Агентлик ҳар чоракда тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини соҳалар ва ҳудудлар кесимида чуқур таҳлил қилиб, иқтисодий ночорликка олиб келаётган омилларни бартараф этиш юзасидан Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, кредиторлар ва қарздорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш механизмларини кучайтиришга хизмат қилади.
ЎзА