Тўлов ташкилотларининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги масъулияти оширилмоқда
Рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат ва масофавий молиявий хизматлар жадал ривожланаётган бугунги даврда фуқароларнинг банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлари ва бошқа рақамли активларини ишончли ҳимоя қилиш долзарб. Бунинг учун ҳуқуқий механизмларни янада мустаҳкамлаш зарур. Парламент қуйи палатаси мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўрилган киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли муҳитда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси айни шу мақсадда ишлаб чиқилган.
Лойиҳага кўра, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига кибержиноятларга қарши курашишни кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.
Қайд этилганидек, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, киберхавфсизлик талабларига риоя этилмагани ёки шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш чоралари кўрилмагани оқибатида фуқароларга моддий зарар етказилса, мазкур зарарни банклар, тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари томонидан қоплаш тартиби белгиланмоқда. Бу молиявий хизматлар бозори иштирокчиларининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги нормалар билан масофадан давлат хизматлари кўрсатиш тизимидаги шахсий аккаунтларни ёки абонент қурилмасининг идентификация модулларини ғаразли мақсадларда бошқа шахсларга бериш, шунингдек, ўзга шахснинг аккаунти ёки абонент рақамидан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишлар эса рақамли далиллар билан ишлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиради. Унга кўра, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахсига ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар доирасида иш учун аҳамиятли бўлган электрон маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа ашёвий далиллар қаерда экани аниқ бўлган ҳолларда уларни белгиланган тартибда олиб қўйиш имконияти берилмоқда.
Муҳим янгилик — банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлар ва крипто-активлар бўйича операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш процессуал мажбурлов чораси сифатида жорий этилмоқда. Бу ноқонуний ўзлаштирилган маблағларни бошқа шахсларга ўтказиб юборилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасидаги нормалар кибержиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш, тўлов инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда рақамли маконда ҳуқуқий хавфсизликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
М.Комилова,
ЎзА