Тоғли ҳудудда адашиб қолган 5 нафар фуқаро қутқарилди
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида тоғли ҳудудда дам олиш вақтида адашиб қолган 5 нафар фуқаро қутқарувчилар томонидан топилиб, хавфсиз ҳудудга олиб туширилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йил 4 октябрь куни соат 19:37 да «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали Тошкент вилояти Оҳангарон тумани, «Чинор» МФЙ ҳудудидаги тоғли жойда дам олиш вақтида 5 нафар фуқаро адашиб қолгани ҳақида хабар келиб тушган.
Мазкур хабар асосида «Қамчиқ» Махсус қутқарув бошқармаси «Бешқул» навбатчилик қисми қутқарувчилари томонидан зудлик билан қидирув-қутқарув ишлари ташкил этилган.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасида соат 00:31 да 5 нафар фуқаро топилди. Улар хавфсиз ҳудудга олиб тушилиб, зарур чоралар кўрилганидан сўнг яшаш манзилларига юборилди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА