Тоғ-кон саноатида рақамлаштириш ва сунъий интеллект лойиҳалари тақдим этилди
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига сунъий интеллект ечимларини жорий этиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу жараён эса соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқарув жараёнларини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан ташкил этилган “Кон-геология соҳасида рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар” мавзусидаги семинарда соҳада амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди. Унда Тошкент вилояти туманлари ҳокимликлари ҳамда Тошкент шаҳар туманлари ҳокимларининг сунъий интеллект технологиялари бўйича маслаҳатчилари иштирок этди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ва бошқалар сўзга чиқиб, сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, соҳада жорий этилаётган илғор ечимларни ҳудудларда қўллаш бўйича методик ва амалий кўмак кўрсатиш муҳим вазифалардан эканини таъкидлади.
Семинарда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар тақдим этилди. Хусусан, соҳада қўлланилаётган рақамли тизимлар ва уларнинг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир якунида иштирокчиларнинг саволлари юзасидан фикр алмашилиб, тақдим этилган ечимларни ҳудудларда жорий этиш имкониятлари таҳлил қилинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА