Бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида фан, таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.
Анжуманда вазир ўринбосари Урал Юсупов, Геология фанлари университети ректори Аъзам Қодирхўжаев ва Минерал ресурслар институти директори Мақсуд Исоқов иштирок этиб, соҳада олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилганидек, ҳозирги кунда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида Геология фанлари университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Россиянинг “МИСиС” университети Олмалиқ шаҳридаги филиали ҳамда Италиянинг Пиза университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолият кўрсатмоқда.
[gallery-24011]
– Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 25 та бакалавриат таълим йўналишида жами 10 780 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улардан 3 654 нафари кундузги, 7 006 нафари сиртқи таълим шаклида, 120 нафари эса магистратура босқичида ўқимоқда. Университетда асосий штатда 320 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Улар орасида 42 нафар фан доктори ва 170 нафар фан номзоди мавжуд. Асосий профессор-ўқитувчилар таркибидаги илмий салоҳият 66,3 фоизни ташкил этади. Scopus халқаро маълумотлар базасида 2024 йилда 147 та, 2025 йилнинг биринчи ярмида 51 та мақола чоп этилган. Инновацион ривожланиш агентлигининг грант лойиҳалари доирасида 2024 йилда 6,9 млрд. сўмлик, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 5,9 млрд. сўмлик илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилган. Йирик саноат корхоналари билан тузилган хўжалик шартномалари асосида эса 2024 йилда 9,7 миллиард сўм, 2025 йилнинг биринчи ярмида 6,55 миллиард сўмлик илмий ишлар бажарилган. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишланмаларини тижоратлаштириш мақсадида умумий қиймати 2,4 миллиард сўмлик 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалардан 1,49 миллиард сўм миқдорида тушум таъминланган.
Ҳозирги кунда университетда 3,3 миллион доллар қийматидаги 12 та халқаро лойиҳа амалга оширилмоқда. 2024 йилда 7 та, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 3 та интеллектуал мулк патенти олинган. Амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида университет ихтиролари жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам тан олинмоқда. Хусусан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ва Навоий кон-металлургия комбинатининг 12 нафар ходими сульфидли рудалардан олтинни ажратиб олиш бўйича яратган ихтиролари учун БМТнинг Интеллектуал мулк бўйича бутунжаҳон ташкилотининг “Ихтирочилик учун” олтин медали билан тақдирланди, – дея таъкидлади У.Юсупов.
Матбуот анжуманида Россиянинг “МИСиС” университети Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, бу ерда жами 918 нафар талаба таҳсил олмоқда, шундан 212 нафари кундузги, 115 нафари сиртқи шаклда ўқимоқда. Филиалда 73 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда, шундан 12 нафари фан доктори, 31 нафари фан номзодидир. Илмий салоҳият профессор-ўқитувчилар таркибида 57 фоизни ташкил этади. 2025 йилда 12 та лойиҳа доирасида жами 13 миллиард сўмлик илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Инновацион ривожланиш агентлиги давлат дастурлари доирасида 10 миллиард сўмлик, хўжалик шартномалари асосида 3 миллиард сўмлик ишлар бажарилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Пиза университети филиалида “Геология” йўналишида 155 нафар талаба кундузги шаклда таҳсил олмоқда. Бу ерда дарслар кредит-модул тизими асосида инглиз тилида олиб борилади. Филиалда жами 30 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритиб, улардан 25 нафари Италиядан келган мутахассислар ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА