Тингловчилар қасамёд қабул қилди
Юқори Чирчиқ туманидаги Ички ишлар вазирлиги Ўқув-дала марказида тизимдаги Малака ошириш институти бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курси тингловчиларининг қасамёд қабул қилиш тадбири ўтказилди.
Дастлаб институт бошлиғи, доцент, полковник Олимжон Аҳмедов сўзга чиқиб, профессионал ва халқчил ички ишлар органлари ходимларини шакллантириш, хизмат нуфузини ошириш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, халқимиз осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
[gallery-16217]
– Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида юридик, касбий, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, жанговар ва жисмоний тайёргарликка эга бўлмоқдамиз, – дейди тингловчи Жавоҳир Абдуллаев. – Фуқароларга қонун доирасида хизмат кўрсатиш, турли қалтис вазиятларда руҳий барқарор бўлиш, тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш каби кўплаб кўникмалар шаклланмоқда. Бугунги қасамёдга содиқ қолиб, институтда олаётган билим ва кўникмаларни халқимиз тинчлиги, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сафарбар этамиз.
Тадбирда сўзга чиққанлар, кейинги йилларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда мутлақо янгича тизим яратилгани ҳақида гапирди. Шу билан бирга 600 нафардан зиёд қасамёд қабул қилган тингловчига келгуси шарафли хизмат фаолиятида муваффақият тилади. Тингловчи Саидрасулнинг онаси Доно Абдусаломова фарзандига ички ишлар органи ходими, деган номга муносиб бўлиши ва келажакда эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашдек масъулиятли ишида омад тилади.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари