Тиббиётнинг долзарб муаммолари ёш олимлар муҳокамасида
Андижон давлат тиббиёт институтида “Тиббиётнинг долзарб муаммоларига инновацион ёндашув” мавзусида республика ёш олимлар ва иқтидорли талабалар илмий-амалий анжумани ҳамда “Андижон – 2026” II халқаро фан олимпиадаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда мамлакатимиз ва қатор хорижий давлатлар тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, мутахассислари, ёш олимлари, магистр ва иқтидорли талабалар иштирок этди.
Анжуманни Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда тиббиёт соҳасида инновацион ёндашувлар, замонавий илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганлигини таъкидлади. Жумладан, ўтказилаётган анжуман юртимизда ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий салоҳиятини юзага чиқариш, халқаро тажрибалар билан таништириш ҳамда халқаро майдонда рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришини айтиб ўтди.


Шундан сўнг анжуман иши “Клиник тиббиётнинг долзарб масалалари”, “Хирургия ва стоматологияда замонавий технологиялар”, “Назарий тиббиёт: фармакология ва жамоат саломатлиги” каби учта йўналиш бўйича секциялар доирасида давом этди.
Ҳар бир секция машғулотларида ёш олимларнинг тақдимотлари, илмий маърузалари тингланди. Тақдимот ва маърузалар бўйича мунозаралар, савол-жавоб, муҳокамалар ўтказилди. Юртимиз, шунингдек, қирғизистонлик, қозоғистонлик, тожикистонлик олим ва мутахассислар, иштирокчилар томонидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тақдимот ва маърузаларнинг ўзига хос жиҳатлари, ютуқ ва камчиликлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати, мутахассислар томонидан таҳлил қилиб борилди.


– Анжуманда иқтидорли талабалар, ёш олимлар ўз мутахассисликлари бўйича юқори билим ва юксак салоҳиятга эга эканликларини намойиш этди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ички касалликлар пропедевтикаси кафедраси мудири, профессор Сожида Артиқова. – Ишонч билан айта оламанки, ушбу ёшлар келажакда тиббиёт фани ривожини янада юқори босқичга кўтаришга муносиб ҳисса қўшадилар.
Анжуман доирасида ўтказилган “Андижон – 2026” II халқаро фан олимпиадасида мамлакатимиздаги, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон сингари қатор хорижий давлатлардаги тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 150 нафардан ортиқ иқтидорли талаба тиббий йўналишдаги 10 дан ортиқ тиббий фанлар йўналиши бўйича ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.


Якунда барча фан йўналишлари бўйича ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, анжуманнинг фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.