Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
"Глобал муаммолар даврида фармацевтика саноати: ҳамкорлик ва инновацияларнинг аҳамияти" мавзусида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Жаҳон банки вакилларининг учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон фармацевтика саноатидаги жараёнларни жадаллаштириш ва такомиллаштиришда молиялаштириш масалалари муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар давомида томонлар IТ ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича маълумот олиш учун фармацевтика соҳасидаги потенциал экспертни жалб қилишга келишиб олди.
***
Миллий тиббиёт марказида аҳолига тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш ҳамда хизмат сифатини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда амалиётга жорий этилаётган замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
Марказ фаолияти яқиндагина бошланганига қарамасдан Хитой, Ҳиндистон, Германия, Туркия, Жанубий Корея каби қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатилгани, соҳага замонавий даволаш усуллари жорий этилаётгани, бу эса беморларнинг тезроқ соғайишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбир давомида марказда даволанган беморларнинг миннатдорлик хатлари ўқиб эшиттирилди.
***
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Ғузор туманида бўлиб, аҳоли саломатлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Хусусан, Мустақиллик маҳалласида жойлашган "Нуронийлар маскани"да кекса авлод вакилларининг саломатлиги ва уларнинг маънавий-маданий ҳордиқ чиқаришлари учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
***
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори З.Эрматов давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOMнинг Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича директори Р.Султонов билан учрашди.

Учрашувда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилиниб, электрон рецепт ҳамда имтиёзли йўлланма бериш ахборот дастурларини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА