Тежалган ҳар бир томчи сув бу эртанги кунга қўйилган мустаҳкам пойдевордир
Сирдарёда сув — оддий ресурс эмас. У — ҳаёт манбаи, меҳнат самараси, оила фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Бу заминда ҳар бир томчи сувнинг қиймати бор: у 287,4 минг гектар суғориладиган ерга жон бағишлайди, минглаб фермер ва юз минглаб аҳоли турмушига барака олиб киради.
Бу ҳақиқат Сирдарё туманидаги «Дўстлик-16» канали мисолида янада яққолроқ намоён бўлади десак асло янглишмаган бўламиз. Каналнинг бетонлаштирилиши натижасида 1 460 гектар майдонда сув таъминоти кафолатланди. Илгари сув етишмаслигидан қийналган ерлар бугун барқарор суғорилаётган ҳосилдор майдонларга айланди. Энди фермерлар ҳар бир мавсумни хавотир билан эмас, хотиржамлик билан ўтказишадиган бўлди.

Бироқ вилоятдаги ҳолатга чуқурроқ назар ташласак, масъулият янада катта экани ойдинлашади. Жами 5 907,7 километр сув тармоқларининг 631 километри магистрал каналлар, 3 394,6 километри эса фермер хўжаликларига тегишли ички тармоқлардан иборат. Аммо уларнинг қарийб 70 фоизи тупроқ ўзанли бўлиб, натижада ҳар йили сувнинг 30–35 фоизи йўқотилмоқда. Бу эса ўртача ҳисобда юзлаб миллион куб метр сувнинг самарасиз сарфланиши демакдир.
Айни шу муаммоларни бартараф этиш мақсадида сўнгги йилларда ирригация тизимини модернизация қилиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
– 2025 йилда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 680 миллион куб метр сув тежалди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Аброр Хидиров. – 2026 йилда бу кўрсаткични 748 миллион куб метрга етказиш режалаштирилган. Бу рақамлар ортида сув ресурсларини самарали бошқариш, янги технологияларни жорий этиш ва деҳқон меҳнатини қўллаб-қувватлаш ётади.

Ҳақиқатдан ҳам рақамлар бугунги ўзгаришларнинг аниқ ифодасига айланмоқда. 2025 йилда 81,7 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди. Жумладан, 16,7 минг гектарда томчилатиб суғориш, 4,81 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 2,41 минг гектарда дискрет усул, 5 минг гектарда кўчма қувурлар орқали суғориш йўлга қўйилди.
Шунингдек, 53,18 минг гектар майдонда ерлар лазерли текислашдан ўтказилди. Натижада 196 миллион куб метр сув тежалди ва ҳосилдорлик ўртача 20–25 фоизга ошди.
Бу эса фақат рақам эмас — бу қишлоқдаги ҳар бир оиланинг даромади, бозордаги маҳсулот миқдори ва халқ фаровонлигининг ўсиши демакдир.
Эътиборлиси, бу ислоҳотлар фақат йирик хўжаликлар билан чекланиб қолмаяпти. «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 2025 йилда 44 та объектда 11 минг хонадон ва 1,5 минг гектар томорқа ерлари сув билан таъминланди. 25 та суғориш қудуғи қазилди, 15 та насос агрегати ўрнатилди. Бу эса минглаб оилалар учун янги имкониятлар эшигини очди.

Насос станцияларида амалга оширилаётган янгиланишлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Бир йилнинг ўзида 5 та насос ва 4 та электродвигатель алмаштирилди, 3 та частота ўзгартирувчи ва 4 та конденсатор ўрнатилди. Қўшимча равишда 264 кВт қувватли қуёш панеллари ишга туширилиб, 2,55 миллион кВт/соат электр энергияси тежалди.
2026 йилда эса бу ишлар янада кенгайтирилиб, насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмоли 36,6 миллион кВт/соатгача қисқартирилиши режалаштирилган.
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятдаги сув ресурсларининг 95 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Бу эса сувдан самарали фойдаланиш ҳар бир гектар ер, ҳар бир фермер ва ҳар бир оила тақдирига бевосита таъсир кўрсатишини англатади.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳам буни тасдиқлайди. 2025 йилда 82,8 км суғориш тармоқлари, 4 км коллектор-дренаж тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди, 310,8 км коллектор ва 190 км ёпиқ дренаж тармоқлари таъмирланди, 200 та мелиоратив тик қудуқ ва 100 та кузатув қудуғи янгиланди.
Бу ишлар учун давлат бюджети ҳисобидан 126,8 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Натижада 10,9 минг гектар майдон кафолатли сув билан таъминланди, 19,3 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, 9 минг гектар шўрланган майдон қисқартирилди.
2026 йил режалари эса янада кенг қамровли. 133,3 миллиард сўм маблағ эвазига 60,4 км канал, 14 км лоток тармоқлари, 11,9 км коллектор-дренаж тизимлари қурилади ва реконструкция қилинади.
Шунингдек, 675 км коллектор-дренаж тармоқлари таъмирланади,206 км каналлар, 291 та гидротехника иншооти ва гидропост тикланади.

– Бу ишлар натижасида каналларнинг фойдали иш коэффициенти 0,67 дан 0,7 гача оширилиб, қўшимча 8,7 миллион куб метр сув тежалади. 13 минг гектар майдон сув билан таъминланади, 20 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади ва 1 минг гектар шўрланган ер қисқартирилади, – дейди Аброр Хидиров.
2026 йилда сувни тежайдиган технологиялар 36,45 минг гектар майдонда жорий қилиниб, қўшимча 216 миллион куб метр сув тежалиши ва ҳосилдорлик 20–30 фоизга ошиши кутилмоқда.
Буларнинг барчаси сувни асраш, уни оқилона тақсимлаш ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Чунки Сирдарёда яхши англанган бир ҳақиқат бор: тежалган ҳар бир томчи сув — бу эртанги кунга қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири