Тез тиббий ёрдам машинасига йўл бермаган ҳайдовчи жавобгарликка тортилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам машинасига йўл бермаган BYD автомобили ҳаракати акс этган видео тарқалди.
Унда тез ёрдам машинаси огоҳлантирувчи сигнал чалган бўлса ҳам, ҳатто микрофон орқали йўл беришни сўраса ҳам олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи бунга парво қилмаган.
Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан назоратга олинган. Қоидабузарликка йўл қўйган BYD автомобили аниқланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳайдовчи эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Соҳа ходимлари томонидан ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ҳам ўтказилган. (Маълум бўлишича, ҳайдовчи мусиқа овози ва кондиционер ишлаётгани сабабли огоҳлантирувчи овозларни эшитмаган).
Эслатиб ўтамиз, йўл ҳаракати қоидаларига кўра, кўк ёки қизил рангли маякча ва махсус товушли сигнал ёқилган транспорт воситаси яқинлашганда, ҳайдовчилар унга тўсқинлик қилмаслик ва устун ўтишини таъминлаш учун дарҳол йўл бериши шарт.
Ҳайдовчи ўнг томонга ёки йўл четига ўтиб, зарур ҳолларда тўхтаб туриб бўлса ҳам тез ёрдамга йўл очиши лозим. Тез тиббий ёрдам машинасига қасддан ёки эътиборсизлик оқибатида йўл бермаган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобили жарима майдонига қўйилади.
Тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ёки ички ишлар органларининг махсус милтилловчи маякча ва товушли сигналлари ёқилган транспорт воситаларининг ўтиб кетишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, бу ҳолат биринчи марта содир этилганда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 баравари миқдорида жарима солинади.
Ушбу ҳолат такроран содир этилса, агар ушбу ҳуқуқбузарлик жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори кескин ортади ёки ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Кодекснинг 17-моддасига биноан, агар сиз орқангиздан келаётган тез ёрдам машинасига йўл бериш мақсадида (масалан, чизиқни босиб ўтиш ёки тезликни ошириш орқали) йўл ҳаракати қоидасини мажбуран бузган бўлсангиз, бу ҳолат охирги зарурат деб баҳоланади ва сизга нисбатан жарима қўлланилмайди (автоматлаштирилган камералар буни қайд этган бўлса, бекор қилинади).
Шундай экан, йўлларда эътиборли бўлиб, қоидаларга амал қилайлик. Тез тиббий ёрдам машинасида кимдир ҳаёт учун курашаётган бўлиши мумкинлигини ёддан чиқармайлик.
Норгул Абдураимова, ЎзА