Тест синовлари давом этмоқда (+видео)
Бугун юртимиз бўйлаб 2026-2027 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу жараён Навоий вилоятида ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жорий йилда олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларига 29 минг 500 нафар абитуриентлар ҳужжат топширган эди. Тест имтиҳонлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлимининг янги биноси ҳамда “Кимёгар” ўйингоҳининг спорт залида ўтказилмоқда.
Маълумотларга кўра, тест синовларининг биринчи кунида ҳужжат топширган абитуриентларнинг 3240 нафаридан 2989 нафари иштирок этди. Абитуриентларнинг 251 нафари эса турли сабабларга кўра тестга келишмаган.
– Навоий вилоятида тест синовлари иккита бинода ўтказилмоқда, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Навоий вилояти бўлими бошлиғи Нурхон Бекниёзов. – Агентликнинг вилоят бўлими биносида 1080, спорт залида эса 540 ўрин тайёрланган. Жами 1620 ўрин замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, совитиш тизимлари билан таъминланди.
Барча биноларда юздан ортиқ кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, тест жараёнларининг шаффофлиги тўлиқ таъминланмоқда.
Мени қувонтираётган жиҳатлардан бири шуки, абитуриентлар тест синовларида тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда, яхши кайфият билан иштирок этмоқда. Илгариги йилларда телефон олиб кириш ёки тақиқланган воситалардан фойдаланиш билан боғлиқ бир-иккита ҳолат кузатилар эди. Бу йил эса бундай ҳолатлар қайд этилмаяпти. Албатта, кириш назоратида ички ишлар органлари ходимлари томонидан текширувлар олиб борилмоқда.
Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида телефон ва сумкаларни сақлаш учун махсус жойлар ташкил этилган. Тест синовлари 14 июлда бошланди ва 23 июлга қадар давом этади.
Фарзандларини кутиб турган ота-оналар учун ҳам барча шароитлар яратилган. Улар учун 500 ўринли кутиш жойи, буфет, шунингдек, тест жараёнларини бевосита кузатиб бориш имконини берувчи катта экранли телевизор ва мониторлар билан жиҳозланган махсус ҳудуд ташкил этилган.
Маълумки, юртимизда қабул жараёнлари “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда абитуриентлар тест синовини топшириш учун рўйхатдан ўтиб, фақат фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудуди ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлашган эди.
Иккинчи босқичда эса абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.
<iframe width="886" height="498" src="https://www.youtube.com/embed/tV7Vzr3_tCs" title="Test sinovlari davom etmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари