Термиз шаҳрида ягона миграция маркази иш бошлади
Хорижда меҳнат қилиш истагидаги фуқароларга барча зарур хизматни бир жойда кўрсатишга мўлжалланган марказнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев мамлакатимизда кейинги йилларда чет элларда меҳнат қилишга қизиқиш билдираётган юртдошларимизга яратилаётган шароитлар, меҳнат мигрантларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Янги марказда яратилган қулайликлар тўғрисида фикр алмашди.
Шаҳарнинг Боғзор маҳалласида қад ростлаган марказ хорижда меҳнат фаолиятини олиб боришга хоҳиши бор фуқаролар учун тегишли хизмат кўрсатишга мўлжалланган замонавий тизим асосида ташкил этилди. Замонавий бинода юртдошларимиз халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқиши, хорижий тилларни ўрганиши, халқаро сертификат олиш учун имтиҳонларда иштирок этиши, ҳужжатларни расмийлаштириш ва виза масалаларида амалий ёрдам олиши мумкин. Шунингдек, бепул консалтинг хизматлар ҳам кўрсатилади. Бу ишларни сифатли амалга ошириш учун юз ўринли ўқув ва 18 ўринли музокаралар хонаси, 50 ўринли танловлар зали, бир вақтнинг ўзида ўндан ортиқ фуқарога хизмат кўрсатиш имкониятига эга фронт-офис барпо этилиб, замонавий усулда жиҳозланди.





Янги марказ аҳолининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширади. Хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини таъминлаб, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири